Мусиқали ҳазиллар
- Подробности
Май 15, 2014
Ўзбекистонда халқ оғзаки ижодининг унутилаёзган жанрлари, жумладан ҳазил-мутойибанинг алоҳида ашула шакли – лапар аския қайта тикланмоқда. Уни мусиқа жўрлигида ижро этилади.
Ижодиётнинг ушбу ноёб шакли ҳақида ўзбек фольклори тадқиқотчилари анъанавий "Табассум-2014" фестивалидан сўнг яна гапира бошладилар. Ўшанда юртимиздаги энг кекса аскиябозлардан бири, саксон ёшли қўқонлик Жўрахон Пўлатов ўтган аср ўттизинчи йилларида отаси айтиб келган аския лапарларни ижро этди.
- Оиламиздагилар ҳаммаси аскиябоз, шунинг учун ушбу санъат ҳақида жуда кўп нарса айтиб беришим мумкин, - дейди Жўрахон Пўлатов. - Афсуски, халқ оғзаки ижоди ушбу турининг баъзи шакллари унутилганди. Уларни биладиган бир неча кишигина қолган. Бизнинг вазифамиз – бу билимларни ёш авлодга етказишдир.
- Халқ ижодиёти баъзи шаклларининг йўқолиши – дунё турли халқлари маданиятларига хос бўлган табиий жараён, - дея изоҳ беради Маматқул Жўраев – Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти фольклор бўлими мудири. – Хусусан, лапар аския ҳаётимизга радио, телевидение, замонавий мусиқа ёзиш ускуналари кириб келган вақтдан унутила бошланди. Ушбу санъат турининг билимдонлари ҳоли ҳаёт эканлар, улар ёрдамида буни тиклаш даркор, энг ками – келажак авлодларга ёзувларни қолдириш керак.
- Ҳозир лапар аския жанридаги эски асарлар ёзувлари сақланиб қолмаган. Буни фақатгина хотирадан тиклаш мумкин, - дейди Жўрахон Пўлатов. - Мен ўша асарларнинг матнларини ҳам, мусиқасини ҳам яхши эслайман. Отам мени чиқишларига олиб борардилар ва мен шу вақтда унга доирада жўр бўлардим.
Жўрахон Пўлатов лапар аскияни отаси ижро этгандек айтишга тайёрланяпти. Бунинг учун бир шерик тайёрлаш керак: ушбу жанр асарлари албатта дуэт бўлиб ижро этилади. Кекса аскиябоздан нимага лапар аскияни аввалроқ ижро этмаганини сўралганда у шундай жавоб берди: "Бу ўзига хос алоҳида жанр тури, унга оид асарларни одатда катта ҳаётий тажрибага эга бўлганлар ижро этадилар. Ҳозир мен шу маррага етиб келдим ва барчани хурсанд қилиб лапар аскияни ижро этишга тайёрман".
Анвар Бердиев, «Uzbekistan today» газетаси