Қарсак ўйин – ўзбек халқ рақслари туркуми. "Беш қарсак" ва "Майда қарсак" бўлимларидан иборат. "Майда қарсак", ўз навбатида, "Якка қарсак", "Қўш қарсак" ва "Тез" (ёки "Узма") номли ўйинларни ўз ичига олади. Унда қарсаклар билан ҳосил қилинадиган усул, байт, бир овозда айтиладиган яллалар ва рақс ҳаракатлари бирлашади. Бешқарсак, қарсак – эркаклар давра ўйин-қўшиғи. Ўзбек ва тожик халқлари орасида кенг тарқалган. Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида айниқса машҳур. |
Бахши – қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Бахши халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор соз чалишни билиши, ҳофизлик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим. |
Халфа – Хоразм воҳасида маҳаллий оғзаки ижод намуналарини ижро этувчи аёл. Халфалар фаолият кўрсатиш шароитига кўра икки йўналишга бўлинади: тўй ва базмларда қўшиқлар ижро этувчи "сози халфа" ҳамда "китобий халфа" - таъзия ва маросимларда китоб ўқувчи аёл, отин (отинойи). Уларнинг иккаласи ҳам "ичкари"да аёлларга хизмат қилган. |