Шашмақом (форсча - олти мақом) – ўзбек ва тожик халқлари мусиқа меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркуми; оҳанг, парда, ханг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз чолғу куйи ва ашулалар мажмуи. Шашмақом ХVIII асрларда 12 мақом тизими (Дувоздах мақом) ва бухоро мусиқий анъаналари негизида Марказий Осиёнинг йирик маданий маркази бўлмиш Бухорода шаклланган. |
Катта ашула ёки патнис ашула – Фарғона водийсига хос йирик ашула йўли ва ўзига хос ижро услуби. Икки ёки ундан ортиқ (бештагача) хонанда томонидан чолғу жўрлигисиз галма-гал айтилади. Унинг асосий хусусиятлари бадиҳагўйлик, ҳамнафаслик, юқори пардаларда, кенг нафасда ижро этилиши, эркин услубда куйланиши, сўз ва куй мутаносиблигидир. |
Аския дунё халқлари ичида фақатгина ўзбекларга хос бўлган миллий санъатдир. Ҳазил-мутоиба, юмор инсонга завқ берибгина қолмай, унинг эстетик дидини ҳам нозиклаштиради, маънавиятини юксалтиради. Аския жуда катта ҳаётий билим, кўникма ва ижодкорликни, фаросат, ақл-идрок, зийраклик билан фаҳмлаш, саволларга ўринли, муносиб жавоб беришни талаб қиладиган сўз ўйини, зеҳнлар синовидир. |
Ўйин тарбиялаш ва хордиқ чиқариш воситаларидан бири. Ўйин инсониятнинг бутун тарихи мобайнида диний маросим, ҳарбий ва бошқа машқлар, шунингдек, санъат айниқса унинг ижро шакллари билан қўшилиб келган. Маълумки инсон ўз ҳаётида ўйин, ўқиш, меҳнат, дам олиш каби машғулотлари билан банд бўлади. Инсон ҳаётниинг дастлабки даврларида ўйин асосий фаолият ҳисобланади, кейин эса у ўқиш билан баравар давом этади, ундан сўнг эса ўйин камайиб унинг ўрнини ўқиш ва меҳнат эгаллайди. |