Вебсайт ҳақида
Ўзбекистон номоддий маданий мероси вебсайтига ҳуш келибсиз!
Ўзбекистон Республикасининг номоддий маданий мероси урф-одатларни, тасаввурлар ва ифодалар шаклларини, кўникмаларни, шунингдек, улар билан боғлиқ чолғу асбоблари, буюмлар, артефактлар ва маданий майдонларни акс эттиради.
Номоддий маданий мерос оғзаки анъаналар, ижрочилик санъати, урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар каби йўналишларида намоён бўлади.
Анъанавий халқ маданияти Ўзбекистоннинг ҳозирги замон жамияти маданиятининг хилма-хил йўналишлари, турлари ва шаклларининг теран негизидир. Халқ маданиятининг оқимида одамнинг дунё ҳақида тасаввури, сиймолар ва тил тизими, эътиқод, билим ва кўникма, меҳнат, байрам ва маросимлар ҳаёти, фольклор тизими ҳосил бўлади. Анъанавийлик асосида нафақат инсонлар ҳамжамиятининг амалий фаолиятида тўпланган тажриба мустаҳкамланади, балки ижтимоий муносабатлар (оилавий, жамоа, меҳнат) меъёрлари йўлга қўйилади.
Ҳозирда номоддий маданий мерос элементларининг кўриниши қуйидаги 5 та йўналишларида мавжуд.
1. Ўзликни намоён этишнинг оғзаки шакл ва анъаналари соҳаси ифодалаш шакллари халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ барча жанрларни қамраб олади. Оғзаки анъаналарга оғзаки шаклда авлоддан авлодга ўтиб келаётган ёки халқ орасида яратилган ва ижро этиладиган мифлар, афсоналар, достонлар, эртаклар, ривоятлар, масаллар, мақоллар, аллалар, тез айтишлар, лапарлар, халфалар киради.
Оғзаки анъаналар ижро усуллари ва куйларнинг хилма-хиллиги билан бир биридан фарқ қилади. Масалан, достон – думбира, қўбиз, дутор ёки қисса шаклида, эртак – бу жанрда ҳикоячининг ижро маҳорати туфайли эртак қахрамони тингловчиларга тарбиявий таъсир кўрсатади, ривоятлар - яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалабаси ҳақидаги қиссалар, масаллар – суҳбатдошлар орасида турли мавзулар бирлашишини кучайтирувчи восита, лапарлар – халқ қўшиқларини рақс билан бирга ижро этилиши, ялла – хонанда ижросидаги мусиқа асарига рақсга тушиш, халфа – гармонь жўрлигида қўшиқ ижро этувчи аёл – булар ҳаммаси кишиларга маданий озиқа беради ва ижодкорлик, яъни импровизация хусусиятларига эга.
Агар халфа жанри Хоразм вилоятида ривожланган бўлса, ялла, лапар жанрлари эса Тошкент-Фарғона йўналишларига, мавригихонлик Бухоро вилоятига хосдир.
2. Ижрочилик санъатининг йўналишлари халқ ижодиётидаги мусиқа санъати, рақс, томошалардан иборат. Мусиқа соҳаси "Шашмақом", "Хоразм мақомлари", "Тошкент-Фарғона мақом йўллари", "Тановар", "Ушшоқ", "Феруз", "Сувора", "Лазги", "Мавриги", шунингдек, аллалар, ўланлар, яллалар, лапарлар, мадхиялар, термалар ва халфалар каби гуруҳларни қамраб олган.
Рақс йўналиши миллий рақс усулларини ва шу ҳудудга хос бўлган халқ рақсларини ўз ичига олади: якка ижро этиладиган рақслар, гуруҳ ижросида рақслар, аёллар рақслари, эркаклар рақслари, Хоразмча рақс, Бухороча рақс, Фарғонача рақс, Сурхондарё воҳасининг рақслари.
Томоша санъати йўналишига миллий дорбозлик, полвонлик, анъанавий цирк, иллюзион, қўғирчоқбозлик ва бошқа шунга ўхшаш йўналишлар ҳамда халқ ўйинлари киради.
3. Жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари соҳасига минтақага ёки миллатга хос бўлган маросимлар, одатлар, анъаналар ва байрамлар киради. Буларга мисол қилиб қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: болаларни тарбияси билан боғлиқ меҳмондўстлик анъаналари, оилавий урф-одатлар, тўй маросимлари, маросимлар, урф-одатлар, удумлар, миллий ва маҳаллий миқёсда ўтказиладиган сайиллар, томошалар, байрамлар, ҳозирги замонда фойдаланишга яроқли бўлган ва ёшларга нисбатан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган қадимий байрамларнинг бир қисми.
4. Табиат ва коинот билан боғлиқ билимлар, маросимлар ва урф-одатлар табиат ва қоинот уйғунлигини таъминлаш бўйича билимларни ва малакаларни ўз ичига олади. Бугунги куннинг якунига қараб, эртанги кун қандай бўлишини башорат қилмоқ, осмондаги ойнинг ҳолатига қараб кейинги ойнинг об-ҳавосини аниқлаш, ҳайвонларнинг ҳаракатларидан келгуси воқеаларни башорат қилиш, қудуқ ковлаш ёки уй қурулиши учун жойни белгилаш, касб билан боғлиқ анъанавий билимлар ва кўникмалар (миллий сартарошлик, анъанавий табиблик, меъморчилик, муробчилик), турли миллий таомларни ошпазлик доирасида тайёрлаш услублари (тандир кабоб, ғилминди, чўпчима, бастурма, чўпонча, хижан ва бошқа шу минтақага хос бўлган овқатлар).
5. Анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар соҳасига қуйидагилар киради: пичоқчилик, косибчилик, дурадгорлик, мисдан, темирдан буюмлар ясаш, дўппичилик, зардўзлик, қуроқчилик, кандакорлик, дегрезлик, ганчкорлик, гиламчилик, терига ишлов бериш, қўғирчоқсозлик, сополчилик, ёғоч ўймакорлиги, майолика ва бошқалар.
Булар ҳақида ҳамда сизни қизиқтирган бошқа маълумотларни вебсайтимиз саҳифаларидан топишингиз мумкин.
Ишониб қоламизки, ушбу вебсайт орқали сиз халқимизнинг номоддий маданий меросига тегишли саволларингизга жавоб топасиз, жамиятимизнинг маданий ҳаётидаги янгиликлар ҳақида маълумотлар оласиз.
Ўзбекистон номоддий маданий мерос дунёсига марҳамат!