Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

ЧОРВАЧИЛИК, ДЕҲҚОНЧИЛИК ВА БОҒДОРЧИЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ БИЛИМ ВА КЎНИКМАЛАР

Соҳа: Табиат ва коинот билан боғлиқ урф-одатлар
Тартиб рақами: 04.04

 

Чорвачилик ўзбеклар хўжалик машғулотларининг энг қадимий кўринишларидан бири бўлиб, зардуштийлик динининг муқаддас китоби «Авесто»да чорвага, айниқса, от, қорамол ҳамда майда туёқли уй ҳайвонларига эътиқодий муносабат изоҳланган.

Ўзбекистонда чорвачилик билан тоғли, тоғ олди ҳамда дашт ҳудудларида асосий хўжалик тармоқларидан бири бўлган. Чорвачиликка оид маросим ва урф-одатларнинг моҳияти ва кўзланган асосий мақсад доимо бир хил, яъни чорвани кўпайтириш, уни турли касалликлардан, ўлатдан, ёввойи йиртқич ҳайвонлардан ва ўғрилардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Авваллари ўзбекларда икки хил йил ҳисоби бўлиб, деҳқон йили 22 мартдан бошланса, чўпон йили 16 мартдан бошланган. Ҳар йили чорвани яйловга олиб чиқиб кетишдан аввал чўпонлар пири Чўпон ота ва чорва пири Зангиотага бағишлаб қурбонлиқ қилиб, ис чиқарганлар. Чорвадорлар орасида ҳар бир ҳайвоннинг ўзига хос пири бўлган ва йилда бир марта мазкур пирга бағишлаб қурбонлик қилинган. Жумладан, қўй пири – Чўпонота, қорамол пири – Зангиота, отнинг пири – Қамбарота, эчкининг пири – Чиғатота бўлган. Ўзбеклар орасида бирор бир уй ҳайвонини – от, сигир, қўй ва туяни оёқ билан тепиш ҳам оғир гуноҳ саналган. Хоразм ўзбекларида, ҳаттоки, туянинг жунини ҳам оёқ остига ташлаб бўлмайди деган тасаввур бўлган.

Ўзбекистон худудида илк деҳқончиликнинг ибтидоий кўриниши неолит даврида бошланган бўлса-да, суғорма деҳқончиликнинг бошланиши милоддан аввалги II минг йилликнинг бошида қадимги Бақтрия ҳудудида (Сурхондарё вилоятида) кузатилади. Маълумки, асрлар давомида деҳқончилик хўжалигини юритиш бўйича тўпланган катта тажриба ва усуллар, нозик фенологик кузатишлар кашф қилинган. Булар асосида эса ўзига хос деҳқончилик анъаналари ҳамда маросимлари шаклланган. Деҳқонлар, боғбонлар ва чорвадорлар аёзли кунлардан омон-эсон чиқиб, баҳорнинг иссиқ кунларини интиқлик билан кутиб, катта деҳқончилик ишларига жиддий тайёргарлик кўрганлар, омоч-бўйинтуруқларни, молаларни созлаб, тахт қилганлар, отлар совутилган, аравалар тузатилиб ишга яроқли ҳолга келтириб қўйилган. Асосий ишчи кучи бўлган ҳўкизларни яхши парваришлаб, уларни ер ҳайдашга олиб чиққанлар. Шу боис ҳам ўрта асрларда Бухорода бу деҳқончилик байрами "Наврўзи кишаворзон" – "деҳқонлар байрами" дейилган. Заҳматкаш деҳқонлар айнан шу куни далага қўш чиқариб дастлабки уруғни ерга қадаганлар. Андижон ўзбекларида баҳорги ер ҳайдашни шанба куни бошлаш лозим дейилган бўлса, Хоразм ўзбеклари орасида ҳосил баракали бўлиши учун душанба ва чоршанба кунлари ер ҳайдаб экин экиш хайрли амал ҳисобланган. Агар ер ҳайдаш кундуз куни бўлса шимолга, кечаси бўлса жанубга қараб ҳайдалган.

Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида эрта баҳорда далаларга сув келадиган асосий ариқ ва каналлар ҳашар усулида лойқадан тозаланган. Анъанага кўра, деҳқончиликда «қўш чиқариш», «шоҳ мойлар», «қўш оши» номлари билан айтилувчи маросимлар ўтказилган. Ҳосилни ўриб тугаллаш арафасида буғдой ўримига йиғилган ҳашарчилар иштирокида махсус маросим – «Обло барака» ўтказилган бўлса ҳосилни йиғиштириб чошга тўплаганларидан кейин «ҳақулло» маросими бажарилган.

Farming medium 2Ўзбеклар деҳқончиликда ўзига хос бой тажриба соҳиблари бўлишлари билан бирга, деҳқончилик ва боғдорчилик ривожи билан боғлиқ анъанага амал қилган. Ўзбекларда оилада ўғил туғилса, унга атаб махсус дарахт экиш одати кенг тарқалган. Ўз навбатида бирор бир мевали дарахт қуриб қолса, у дарров кесиб ташланган. Чунки халқона тасаввурга кўра, қуриган дарахт ушбу хонадонда навбатдаги ўлим бўлишини истар экан.

 

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)