Мучал ёши
Соҳа: Жамиятнинг урф-одатлари, маросимлари ва байрамлари
Тартиб рақами: 03.01.03
Ўзбекларда ўғил-қизларнинг болаликдан ўсмирликка ўтиш — мучал ёшини нишонлаш анъанаси бўлган. Мучал ёшини нишонлаш умрнинг бир давридан иккинчисига ўтиш — болаликдан ўсмирликка ўтиш тантанаси сифатида байрам қилинган.
Ўзбек халқи ҳам азалдан фойдаланиб келган тақвимлардан бири бу ўн икки йиллик "мучал тақвими" бўлиб, у баҳорги тенгкунликдан сўнг бошланади ва сичқон, сигир, йўлбарс(қоплон), қуён, балиқ(тимсоҳ), илон(аж¬дар), от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз йилларидан иборат.
Қадимги Шарқ халқларининг фалсафий ва астрономик қарашлари, тақвимий билимлари ҳосиласи бўлган мучал тақвими ҳозирга қадар қўлланилади. Жумладан, ўзбекларда одам ёши "мучал тақвими" билан ҳисобланиб, кишилар мучал ёшига тўлганда "мучал тўйи" ўтказадилар.
Анъанага кўра, мучал ёши ўн икки йиллик бир муддат тугаб, кейинги бошланиш даврида (яъни, 12-13, 24-25, 36-37... ёшда Наврўз байрами кунларида нишонланган. Айниқса, биринчи мучал алмашиши — ўн икки ёшдан ўн уч ёшгача ўтиш (бошқа мучал ёшларига қараганда) катта тантана билан нишонланган.
Мучал ёшига бағишланган маросим оилада ота ва она томонидан бўлган қариндошлар иштирокида ҳамда қўни-қўшни, қариндош-уруғлар иштирокида ташкиллаштирилган. Бу маросим катта тантанага айланган ва маросим қатнашчиларига махсус зиёфат берилган. Зиёфатлар турли жойларда турлича ўтказилган. Республикамизнинг баъзи жойларида барча учун умумий дастурхон ёзилса, айрим жойларда олдин болалар, сўнг катталар ва охирида қариндош ва қўшнилар учун дастурхон тузаб, зиёфат берилган. Жумладан, Наманган вилояти 12 ёшга тўлган болаларнинг ота-оналари йиғилишиб, мактабда тантанали равишда нишонласалар, Фарғона вилояти Бостонбува қишлоғида эса бир мучал йилида туғилган тенгдошлар уюшган ҳолда барчалари бир кун бир жойда "мучал тўй"ларини ўтказадилар.
Анъанага кўра мучал ёшига кирган болага махсус оқ либослар кийдирилган ёки унинг бўйи баробар оқ мато ўлчаш, турли совғалар бериш, «оқ» таом ва ширинликлар улашиш, исириқ тутатиш, дуолар ўқиш каби амаллар бажарилган.
Бухорода дастурхони ёзилган уйнинг қоқ ўртасига зағома тарози (паллали тарози) остирилган (зағомалар тагига чарм қопланган бўлиб, улар тарозига палла вазифасини ўтаган). «Мучали нишонланаётган бола шу зағома, яъни палланинг бирига солиниб, тарозининг иккинчи палласига каллақанд солинган. Каллақанд солинган палла бола турган палладан оғир келгач, болани дастурхон тўрига ўтқизганлар. Унинг вазни бараварлигидаги каллақанд эса дастурхон атрофидагиларга тенг такримланиб, кулча устига қўйиб улашилган. Йиғилганлар хурсандчилик қилишган ва шу билан маросим тугаган.
Ўн иккига тўлган барча ўғил-қизлар оқ либос кийишиб, бир жойга тўпланишган. Мучал ёшига тўлган ўғил-қизлар бир-бирини қутлашган. Сўнгра улар кўчаларда бирга сайр қилишган. Қадимда мучал ёшига бағишланган сайил Наврўз байрами тадбирларига қўшиб ўтказилган. «Оқ либос»ли ёшлар Наврўз ўтказилаётган жойга кириб келишганида барча уларни қутлашган. Кичик ёшли болалар уларга баҳор гуллари тақдим этишган. Қариялар уларни дуо қилишган. Мучал ёшидагилар баҳор байрамининг рамзий қаҳрамонларига айланишган.
Мучал тўйининг якунида 7—8 мучал ёшини яшаган (тахминан, 70 дан ошган) қариялардан бири ўсмирларни дуо қилган..
Мустақиллик йилларида «Мучал ёши» оила аъзолари, дўстлар даврасидагина эмас, мактабларда ҳам уюштириладиган бўлди. Кейинги йилларда мучал ёши республикамизнинг кўпгина мактабларида ота-оналар иштирокида Наврўз арафасида тантанали тарзда ўтказилмоқда.