РАҚС САНЪАТИ
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.05
Ўзбекистон ҳудудидаги рақс санъати жуда қадимий илдизларга асосланган бўлиб ўзида ҳалқ оғзаки ижодиёти, мусиқа, қўшиқ ва рақсларни мужассам этган. Тарихдан бизгача "катта ўйин" номи билан маълум дойра усулларига мос ҳаракатлар асосига қурилган рақс санъати, шунингдек "Хона базм ўйин" номи билан маиший рақслар етиб келган.
Ушбу мерос Ўзбекистонннинг турли ҳудудларида турли рақс мактабларининг пайдо бўлиши ва ривожланишига асос бўлиб хизмат қилади. Хоразмда олов билан рақсга тушиладиган "Оташ ўйин", Бухорода тиззада ўтирган ҳолда ўрнидан турмасдан тушиладиган аёллар рақслари, Самарқанд вилоятининг тоғли туманларида эркакларнинг қарсак билан ижро этиладиган "Беқарсак" рақслари мавжуд. Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида йигитларнинг кўзларини ярим юмган ҳолда кўрсаткич бармоқларини осмонга қаратиб тушадиган, шу ерлик аёлларнинг эса чанқўбиз жўрлигида ёки ўзлари ушлаб олган қошиқда усул бериб тушадиган рақслари ҳам сақланиб қолган. Фарғона водийси аёлларининг рақсларида эса маъюс ва вазмин ҳаракатлар, қўл ва оёқларнинг ҳаракатларида осойишталик сокинликкка мойил ҳаракатлар кенг тарқалган.
Ўзбек рақс санъатининг усталари ва устозлари сифатида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов (1869-1959), Уста Олим Комилов (1875-1953), Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Исахор Оқилов, Галия Измайлова, Елизавета Петросова, Қундуз Миркаримова, Розия Каримова ва бошқалар тан олинган.
Ҳозирги кунад Ўзбекистон ҳудудида 5 та рақс мактаби мавжуд. Булар:
• Фарғона-Тошкент мактаби;
• Бухоро мактаби;
• Хоразм мактаби;
• Сурхон мактаби;
• Қорақалпоқ мактаби.