Халфачилик
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.04.04
Хоразмда халқ қўшиқлари ва эпик асарларни, улардан олинган парчалар ва айрим термаларни куйловчи ижодкорларни халфа деб аташади. Халфа – Хоразм воҳасида кенг тарқалган маҳаллий оғзаки ижод намуналарини маромига етказиб, ижро этувчи аёл. Халфалар фаолият кўрсатиш шароитига кўра маълум йўналишга бўлинади: чолғу орқали куйларни чалувчи "халфа сози", тўй ва базмларда қўшиқлар ижро этувчи "халфа ёдоғи", достон ва ундаги терма-қўшиқларни ижрочиси "халфа достончи", рақс тушувчи аёллар "халфа раққоса ёки ўйинчи" ҳамда "халфа китобий" - таъзия ва маросимларда китоб ўқувчи аёл, отин (отинойи). Ўтмишда улар "ичкари"да аёлларга хизмат қилганлар.
Халфачилик санъати икки турга бўлинади: ансамблли халфалар (халфа ёдоғи, сози ва раққоса) ва якка халфалар (халфа китобий). Халфалар ижрочилик санъатида якканавоз ва жўрнавоз сифатида фаолият кўрсатган. Ансамблли халфалар уч кишидан иборат, яъни устоз халфа (айни вақтда гармонь (ХIХ асрда рус гармони Хоразмда тарқалиб, оммалашиб кетган ва уни "қўл соз" дейилади) чалади ва қўшиқ айтади), доирачи (қўшиқларга жўр бўлади, баъзан рақс тушади) ва ўйинчилар (рақс тушади, қайроқ билан ўйнайди, етакчи халфага қўшилиб, қўшиқ ҳам айтади, баъзан доира ҳам чалади) бирлашиб, жамоани ташкил этадилар. "Халфа ёдоғи" тўй қўшиқлари, лапар ва яллаларни; "халфа достончи" халқ достонларини, улардан олинган парчаларни ва достон терма-қўшиқларини, биргаликда ўзлари яратган ёки бошқа ижодкорлар асарларини қўл соз ва доира жўрлигида талқин этадилар. Якка халфалар достон, шеърларни ва термаларни чолғусиз ижро этадилар. Улар достонларни ёддан – оғзаки ёки ёзма анъанада, турли мавзудаги китобдан ёқимли оҳангда ўқийдилар. Тўй ва базмларда "ҳалфа китобий" Ёр-ёр, Тўй муборак, Тўй кутлови, Келин салом каби тўй маросим қўшиқларини ҳам ижро этишлари билан шуҳрат қозонганлар. Халфалар маҳаллий халқнинг барча тўй-ҳашамларида, турли маросимларда, аёллар йиғинлари ва байрамларда қатнашиб, тўй ва бошқа маросимларни бошқариб келишган, жумладан, никоҳ тўйларини "Тўй муборак" ёки "Тўй бошлови" қўшиқлари билан очиб берилиши ҳамда "Тўй жавоби" билан якунланиши шулар орасида.
Халфа репертуарлари кенг ва серқирра – булар тўй маросим қўшиқлари (Тўй муборак, Тўй бошлови, Ёр-ёрлар, Келин салом, Келин ва қуёв кутлови, Тўй жавоби), лирик ва турли маросим қўшиқлари, лапар ва яллалар; Махтумқули, Мунис ва бошқа шоирлар, Ожиза халфа шеърлари ва уларни асосида яратилган насиҳат ва рақсбоп қўшиқлари; ишқий-лирик ва ақсарият "ошиқ" туркумдаги "Тоҳир ва Зуҳра", "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам", "Ошиқ Ойдин", "Асилхон", "Хурлиқо ва Ҳамро", "Қумри", "Тулумбий", "Қиссаи Зебо", "Завриё", "Дурашшо", "Бозиргон", "Хирмон дали" каби достонлар, улардан олинган парчалар ва термалар ҳамда халфаларнинг ўзлари яратган шеър ва қўшиқлар ўрин олган. Ижодкор халфалар замоннинг муҳим масалаларига бағишланган асарлар яратиб, уларга ўзлари куй басталаганлар. Халфалар моҳир созанда ва хонанда ҳамда ижодкор (оғзаки анъанада шеър ва қўшиқлар яратувчи) сифатида танилганлар. Улар шеър айтиш билан бирга, уни куйга солиш ва куйлаш маҳоратига ҳам эгадирлар. "Халфа китобий"лар эса, асосан, таъзия ва акикалар, "Улли пир", "Мушкулкушод" каби маросимларда "Ғавсули Аъзам", "Пайғамбар ҳикояти", "Бобо Равшан" "Биби сешанба" ва бошқа диний мавзудаги китобларни якка холда ўқиб аёллар дардини енгиллаштишган.
Хониш қилиш, куйларни моҳирона ижро этиш, ғазалларни куйга солиб ўқиш, тингловчиларни ром қилиш, бадиҳагўйлик халфачилик санъатининг характерли хусусиятлари. Халфачилик жозибали ва навқирон аёллар санъати сифатида Хоразм вохасида (ҳозирги кунда Хоразм вилояти ва Қарақалпоғистон Республикаси Элликқалъа вилояти) шу кунларда ҳам кенг давом этмоқда. Хоним Сувчи Сайидаҳмад қизи (1858-1926)нинг "Бевафо золим", Бибижоним (Биби шоира) Қосим Девон қизининг "Айрилдим", машҳур хивалик Ожиза халфа (Онабиби Отажонова, 1889-1961)нинг 30 дан ортиқ шеър-қўшиқлари кўпгина халфалар томонидан куйланмоқда. Халфачилик намояндалари Биби шоира, Ожиза халфа, Хонимжон халфа, Онажон Сафарова, Назира Собирова, Розия Матниёз қизи, Саодат Худойберганова, Пошшо Саидмамат қизи, Амбаржон Рўзиметова, Аноржон Раззоқова ва б. Халфачилик нафақат анъанавий "устоз-шогирд" мактаблари, балки замонавий Хива мусиқа мактаблари, Урганч ва Элликқалъа санъат коллежларида, жумладан, Хивада шаҳрида ташқил этилган "Халфа" қизлар мактаби орқали ўзлаштирилмоқда. Халфа ижрочилари танлови Хоразмда ва Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа вилоятида "Нафосат бўстоним маним" номли фестивали доирасида (2013 йилдан) ўтказилмоқда. Хоразмлик халфалар ўз санъати ва ижрочилик маҳоратларини "Бойсун баҳори" Очиқ фольклор фестивали, "Асрлар садоси" Анъанавий маданият фестивали ва "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивалларида намойиш этмоқдалар. Халфачилик санъати фестивали Хива шаҳрида ўтказилмоқда (2016).