Маросим қўшиқлари
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.04.03
Маросим қўшиқлари мусиқа фольклорининг мураккаб ва муҳим масалаларидандир. Санъатнинг баъзи бир томонлари, халқ маънавий маданияти, шеърияти, маишати маросим қўшиқларида ўзига хос равишда намоён бўлган ва у билан бирлашиб кетган. Маросим қўшиқлари ўзбек халқи ҳаётини, тарихи, этнографияси, диний эътиқоди билан боғлиқлиги,б уларда сўз ва куй мутаносиблиги муҳим роль уйнайди ва аҳамият касб этади.
Ўзбек халқи жуда бой, хилма-хил анъаналарга эга. Буларни ижтимоий муносабатлар турларига қараб шартли равишда табиат, географик муҳит, меҳнат турлари, миллий турмуш ва маданиятга доир анъаналарга бўлиш мумкин. Ўзбек халқининг ўзига хос иқлими, аҳолининг машғулоти, хўжалик фаолиятидаги анъаналар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Маиший турмушда мусиқа ва шеъриятнинг ўрни, сўз, рақс ва томоша санъатларининг сеҳрли кучидан фойдаланишда ўзига хос анъаналар юзага келган. Маросимда урф-одатлар қўшиқлар билан бир бутунликда олинади. Зеро, маросимнинг тарихий тақомилини кўриш учун қўшиқларнинг бадиий образи муҳим ўрин тутади. Қўшиқлар меҳнаткаш халқни моддий ва маънавий ҳаётининг ҳамма томонлари билан маҳкам боғланган бўлиб, улар муайян тарихий тараққиётда инсоният тафаккури даражасига қараб турмушни ўзига хос образларида бадиий акс эттиради. Қўшиқлар ўзларида энг қадимий тушунчалардан тортиб турли даврларнинг ҳар хил қатламларини ҳам сақлаганлар.
Наврўзнинг келиши, биринчи гул-бойчечакнинг очилиши; ёмғир, шамол ва қорларни чақириш, шамолни тўхтатиш; баҳор фаслида қўш чиқариб ерни ҳайдаш, лола сайли, хирмон кўвончи; фарзанд туғилиши, ёшларни никоҳлаш, марҳумни дафн этиш, касални даволаш сингари воқеаларга махсус маросим қўшиқлар, чолғу куйлар ва дуолар бағишланган. Маросимларда хатти-ҳаракат ва сўз воситалари қаторида мусиқа муҳим ўрин тутади. Биз бирорта маросимни қўшиқ ёки айтим-йўқловларсиз тасаввур эта олмаймиз. Маросимларга кўра қўшиқлар ҳам мавсумий, оилавий-маиший ва диний-ибодат турларига бўлинади. Ўзбек халқи бой тасвирий воситаларда ифодаланган, серқирра мавзуси ҳамда жанрларнинг турли-туманлиги билан характерланувчи қадимий маросим қўшиқлари ва уларнинг ижрочилик усулларига эга. Турли маросимларда кўпчилик гуруҳ ёки якка ижро холи (маълум чолғу жўрлиги ёки жўрсиз)да турли куй-оҳангларда ушбу қўшиқлар талқин (катталар ёки болалар томонидан) қилинмоқда. Ўзбекистоннинг ҳамма минтақа ва ҳудудларида маросим қўшиқлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос мусиқий тили ва шеваси, шакл ва маҳаллий ижро услублари билан ажралиб туради.
Мавсумий маросим қўшиқлари орасида Наврўз билан боғлиқ "Муборакбод", "Йил боши", "Бойчечак", "Салом, Наврўз", "Баҳор келди","Сумалак"; фасллар билан боғлиқ чақириқлар "Суст хотин", "Чой момо", "Қор келди"; шарқ тақвими билан "Рамазон" ёки Ё раббим" каби айтим-терма ва қўшиқлар кенг тарқалган. Мавсумий-меҳнат маросимларида "Кўш ҳайдаш", "Шохмойилар", "Майда, "Обло барака" (эркаклар томонидан эркин услубда, баланд ва очиқ овоздаги айтилган) қўшиқлар мавжуд. Оилавий-маиший маросим қўшиқлари тўй, аза-мотам ва даволаш маросим ва урф-одатлари билан боғлиқ. Булар "Она алласи"; тўй маросим қўшиқлари жанрлари "муборак" (Тўй муборак, Ал муборак, Тўй бошлови), "қутлов" (Хуш келдингиз, Келин ва қуёв қутлови), "ёр-ёр" (Ёр-ёр ёки Ўлан), "келин салом" (Келин салом, Чор салом, Хазор али), айтишувлар (Муборак, Байтхонлик, Лапар), "ҳайрлашув" (Тўй жавоби, Хоразм воҳасида тарқалган) каби қўшиқ жанрлари мавжуд. Аза-мотам маросимларининг асосий айтим шакли "йиғи" ва "йўқлов"дир; "марсия" қўшиғи дафн маросимда чолғу жўрлигисиз эркаклар томонидан куйланган. Даволаш маросимда аёллар томонидан якка ва жўрсиз "бадиқ" айтими ўтмишда кенг ўрин олган.
Маълумки, ўзбекларнинг ахлоқи, одати ислом дини қоидалари билан боғланиб кетган. Ислом динининг тазйиқи қанчали кучли бўлмасин, халқдаги жуда қадимий ишонч-эътиқод, урф-одатлар маросим айтим-қўшиқлар ва ашулалар билан боғлиқ бўлган ва улар етук ҳофиз-хонандалар томонидан ижро этилган. Улар бевосита мумтоз мусиқаси намуналари бўлиб, профессионаллик даражаси билан белгаланади. Булар ўзгача диний-ибодат маросим айтим-ашулаларни ташкил этади, жумладан, "азон", "Куръон айтими", "мавлуд", "зикр айтимлари", шомонлик "кўч айтимлари", диний мавзудаги ашула йўллари –"муножот", "наът", "каландарий ва хонакоий"лардир.
Мавсумий ва оилавий-маиший маросимларининг турлари кўп бўлиб, улар (инсон умри ва унинг меҳнат фаолияти давомида) узоқ ўтмиш даврларда шаклланган бўлиб, ўзида халқнинг дунёқараши, ҳаёт воқеликлари, орзу-истаклари, маънавий, маданий ва моддий дунёси ўз аксини топган. Шуни ҳам айтиш керакки, маълум маросимлар ва уларда ижро этиладиган қўшиқлар (масалан, Суст хотин, Чой момо, Қўш ҳайдаш, Қор чақириш) эндиликда ўз мавқеини йўқотган бўлса-да, аммо ижтимоий-бадиий тафаккурнинг ривожланиши жараёнида маълум аҳамият касб этиб келмоқда. Модомики, ушбу маросимларда қўлланган мусиқий жанрлар ҳалигача халқимиз ҳаётида сақланиб, ўз ҳолида ёки қайта тикланган, саҳнавий (фольклор-этнографик ансамбллари) талқинида ижро этилмоқда. Ушбу қўшиқларга хос бўлган ижрочилик услублари ва усуллари ҳам айрим ўзгаришларга дуч келмоқда, масалан, яккахон айтим йўли ўрнида айтишув ёки гуруҳ бўлиб айтиш шакллари кенг қўлланилмоқда; жўрсозликсиз ижро этилган қўшиқ ва айтим йўллари эндиликда доира, дутор, чанг-қўбиз ёки анъанавий чолғулар ансамбли жўрлигида тингловчиларга тақдим этилмоқда.
Маросимлар ва маросим қўшиқлари муҳофаза қилиш, сақлаш ва кенг омма орасида тарғибот этиш Ўзбекистонда экспедиция жараёнларида оҳанграбо тасмаларига ёзиб олиш ва нотага тушириш (китоблар ва тўпламлар нашри), радио ва телевидение орқали эшиттиришлар тайёрлаш, аутентик фольклор (жумладан, алла ва тўй маросим қўшиқлари) бўйича танловлар, анжуманлар, фестиваллар (1987 йилдан бошлаб) ўтказилмоқда ва улар илмий-тадқиқот ишларида жуда қўл келмоқда. Дарвоқе, ўтмишдаги анъана ҳамда урф-одатларни аниқлаш бевосита маросим қўшиқлари, кенгроқ, маросим мусиқаси жанрларини жиддий тадқиқ этиш орқали амалга ошмоқда. Халқимизнинг дунёқараши, ижтимоий-сиёсий, маиший-эстетик ва фалсафий қарашларини ўзига хос тарзда бадиий талқин қилувчи маросим қўшиқлари ўнлаб жанрлари ўз ичига олган ғоят нодир манба ҳисобланади.