Хоразм мақомлари
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.01.02
Хоразм мақомлари - Ўзбекистонда тарқалган локал мақом туркуми тури. Хоразм мақомлари туркуми ХVIII - ХIХ аср бошларида Шашмақом ва Хоразм мусиқий анъаналари негизида шаклланиб, кенг ривожланган (амалиётда ушбу туркум "Олти ярим мақом" ёки "Хоразм Шашмақоми" деб номланган).
Туркум таркиби Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ ва Панжгоҳ мақомларидан иборат бўлиб, ҳар бир мақом ўз навбатида Шашмақомга ўхшаш икки бўлимдан ташкил топган: чолғу бўлими - Чертим йўли ёки Мансур; ашула бўлими - Айтим йўли ёки Манзум деб аталади. Хоразм мақомлари туркуми 200 яқин чолғу ва ашула йўлларини қамраб олган. Хоразм мақомлари Шашмақом каби устоз-бастакорлар маҳсулидир. Хоразмлик машҳур бастакорлар Ниёзжон Хўжа, Феруз, Комил Хоразмий, Муҳаммадрасул Мирзо, Матёқуб Ҳаррат ва бошқалар мақомларга янги чолғу қисмлар басталаб, уларни шаклан ва мазмунан бойитдилар. Куй тузилиши, лад асослари сақланган ҳолда Хоразмга хос мусиқий услубларда ижро этилиб келинган. Хоразм мақомларининг Чертим йўли таркибига "Танимақом", "Таржеъ", "Гардун", "Муҳаммас", "Сақил" қисмларидан ташқари "Пешрав" ва "Уфар" қисмлари кирган. Айтим йўли таркибига "Танимақом", "Талқин", "Наср" ва "Уфар" қисмлари ва фақатгина "Танимақомни" боғловчи "Тароналар" етакчи хонанда томонидан танбур чолғуси ёки чолғу ансамбли жўрнавозлигида ижро этилган. Уларга турдош бўлган Хоразмга хос "Сувора", "Нақш", "Фарёд", "Муқаддима" каби ашула йўллари ҳам айтилиб келинган (айтим йўлларида мумтоз шарқ шоирлари – Ҳофиз, Жомий, Навоий, Фузулий, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Феруз, Аваз Ўтар, Атоий ва бошқаларнинг ишқий-лирик, фалсафий, насиҳатомуз шеърларидан фойдаланилган).
Бухоро мақомлари билан қиёслаганда Хоразм мақомларида баъзан ашула йўлларининг доира усуллари, куй йўллари ихчамлаштирилиб олинган ва бир оз усул суръати тезлаштирилган ёки соддалаштирилган. Хоразм мақомларидаги куй ва ашула йўлларида авжлар ҳам катта ўзгаришларга учраган. Аммо Хоразм мақомлари мазмунан ва услубан, шаклан ва ижрочилик маданияти нисбатан мустақил аҳамиятга молиқдир. Ушбу мақом туркуми воҳа ижрочилик анъаналари бўйича якканавозлик тарзида эркин ва бадиҳагўйлик равишда айтилган. Хоразм мақомлари ХIХ асрнинг охирги чорағида Хива хони бўлмиш Муҳаммад Раҳимхон Соний ташаббуси билан Комил Хоразмий кашф этган "Танбур чизиғи"да унинг ўзи ва ўғли, Муҳаммад Расул Мирзабоши томонидан тўла (танбур ва дутор мақом туркумлари) ёзиб олинган ва ижрочилик амалиётида, "устоз-шогирд" мактабларида ХХ асрнинг 40-чи йилларигача қўлланиб келинган. Ҳозирги нота ёзувида Хоразм мақомларининг Чертим йўллари Е.Романовская томонидан (Хоразм классик мусиқаси. Тошкент, 1939), М.Юсупов томонидан Чертим ва Айтим йўллари (Хоразм мақомлари. Тошкент, 1958: Хоразм мақомлари. Учтомлик беш китобдан иборат алоҳида тўплам. Тошкент, 1978-1991) ёзиб олинган. "Хоразм танбур чизиғи" нота ёзувига В.Беляев, И.Акбаров, О.Бобоназаров, Р.Болтаев, Б.Раҳимовлар томонидан ўтказилган (Ўзбек нотаси. Тошкент: ЮНЕСКО, 2007).
Хоразм мақомлари ривожи Муҳаммад Раҳимхон Соний (1864-1910) ҳукмдорлик даврига тўғри келади; у Феруз тахаллуси билан таниқли шоир ва бастакор бўлган, мақом йўлларини чуқур мутолаа этиш илмини ўзлаштирган. Унинг шеърлари, ашула-чолғу йўллари Хоразм мақомлари таркибидан жой олган. Хоразм мақомлари намояндалари ва сақловчилари Худойберган Муҳркан, Матпано Худойберганов, Матёқуб ва Матюсуф Харротлар, Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон ва Нурмуҳаммад Болтаевлар, Рўзимат Жуманиёзов, Икром Иброҳимов, Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Рахматжон Курбонов, Фарҳод Давлатов, Рустам Болтаев ва б. Илк бор мақом ансамбли Хивада 1920 йили ташкил этилган; 1964 йили Ҳожихон Болтаев раҳбарлигидаги мақом ансамбли Хоразмда фаолият кўрсатган. Биринчи профессионал мақом ансамбли Хоразм телевидениеси қошида Р.Жуманиёзов раҳбарлигида ташкил этилган. Хоразм мақомлари Урганч, Хива, Хонка профессионал ва ҳаваскор мақом жамоалари томонидан тарғиб этилмоқда, уларнинг анъаналари узлуксиз сақланиб, ривож олиши табиий равишда давом этмоқда. Хоразм мақомлари Урганч педагогик университети талабалари, Урганч санъат ва маданият коллежи, қатор мусиқа мактаблари ўқувчилари томонидан ўзлаштирилмоқда. Ёш ижрочилар мақом анъаналарини К.Отаниёзов ва Ҳ.Болтаевлар номидаги (Хоразм) ҳамда О.Худойшукуров номидаги (Қорақалпоғистон Республикаси) танловларда намойиш этмоқдалар.