Эртаклар
Соҳа: Ўзликни намоён этишнинг оғзаки шакл ва анъаналари
Тартиб рақами: 01.02
Эртак – ўзбек халқ оғзаки ижодининг энг қадимий ва энг оммавий жанрларидан бири. Фантастик хаёлот ҳамда бадиий тўқималар асосига қурилиб, дидактик ғоя ташувчи оғзаки ҳикоялар эртак деб аталади. НММ намунаси бўлган эртакларда халқнинг дунёқараши, миллий характери, турмуш тарзи, тафаккур олами маълум даражада ўз ифодасини топади. Эртакларнинг пайдо бўлишида қадимий мифлар, урф-одат ва маросимлар муҳум ўрин тутади. Фольклоршуносликда эртак атамаси қабул этилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларда матал, ушук, варсақи, чўпчак номлари ҳам учрайди.
Эртакларда бирор бир воқеа мукаммал ҳикоя тарзида баён қилинади, воқелик хаёлий ва бадиий тўқималар воситасида, кишиларда бадиий завқ уйғотади. Эртаклар тарихий тараққиёт жараёнида турлича ўзгаришларга учраб бизга қадар етиб келган. Шу сабабдан кўпгина эртакларнинг ғоявий йўналиши, композицияси, қаҳрамонларнинг вазифалари ўзгариб, янги-янги вариант ва версиялари юзага келган. Эртаклардаги вариантларнинг вужудга келиши эртак айтилганда ижрочининг ижодий қобилияти, дунёқараши, воқеликни акс эттира олиш иқтидори, эртакчилик анъаналарини қай даражада билиши, тажрибаси, руҳий ҳолатлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошади.
Эртак асосида ётган бадиий тўқиманинг давр эътибори билан ташкил топган вақти ва ўрнини, унинг реал ҳақиқатга бўлган муносабати ва асосий функцияси, бадиий акс эттириш принципларига кўра а) ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар («Тулки ва лайлак» каби), б) сеҳрли эртаклар («Кенжа ботир», «Муқбилтошотар» ва ҳ.), в) маиший («Давлатмирзо», «Аёз» ва ҳ.) эртакларга бўлинади.
Эртаклар ўзига хос композицияга эга бўлиб, кириш қисм – бошлама, воқеалар ривожи, тугалланмалардан ташкил топади.
Қириш қисим – бошлама тингловчи диққатини жамлаб, уни эртак эшитишга ҳозирлайди. эртакнинг анъанавий бошлама воқеанинг қайси вақтда бўлиб ўтганини аниқ билдирмайди, умумий тарзда ифодалайди. Маиший эртакларда бошлама ниҳоятда ихчам ва содда. Бунда ҳам воқеликнинг бўлиб ўтган вақти ноаниқ бўлса ҳам, бироқ сирлилик сезилмайди, ҳаётийлик ҳукмрон бўлади. Воқеа бўлиб ўтган жой ва қаҳрамон номи аниқ ҳамда тўлиқ берилади.
Тугалланма эртакнинг якуний қисмини ифодалайди. Сеҳрли эртакларда тугалланма доимо тўй-томоша тасвири билан якун топади. Маиший эртакларда эса у воқеалар синтезидан келиб чиққан хулоса бўлиб, социал руҳ ҳамда таълимий мазмун англатади.
Эртак айтиб берувчига эртакчи дейилади. Ҳар бир эртакчи айтиб бераётган эртакларининг характери ва ҳикоя қилиб бериш услубига кўра бир-биридан фарқланади. Айрим эртакчилар ҳайвонлар ҳақидаги, айримлари сеҳрли, баъзилари эса маиший мазмундаги эртакларни айтиш бўийча донг таратганлар.
Эртакчилар: ижодкор ва ижрочи эртакчиларга бўлинади. Ижодкор эртакчи ўзи эшитган эртакка ижодий ёндошади, анъанани бузмаган ҳолда, эртак воқелигига янгиликлар қўшади, унинг таъсир кучини оширади. Ўз билим даражаси ва маҳорати ҳамда тингловчи талабидан келиб чиқиб, эртак воқеларига ўзгартиришлар киритади. Ижрочи эртакчи ўзи қандай эшитган бўлса, айнан шундай такрорлайди, матнга ижодий ёндошмайди.
Эртакларнинг асрлар оша яшаб қолишида, аждодлардан авлодларга етиб келишида маҳоратли, яъни профессионал эртакчиларнинг хизматлари алоҳида аҳамиятга эга. Ҳамробиби Умарали қизи, Ҳасан Худойберди ўғли, Ҳайдар Бойча ўғли, Нурали Нурмат ўғли, Ҳусанбой Расулов , Абдуғофур Шукуров каби машҳур эртакчилар ўз даврида машҳур бўлган ва улардан кўплаб эртак намуналари ёзиб олинган. Бугунги кунга қадар кўплаб эртак намуналари турли номлар остида чоп этиб келинмоқда.
Миллий ва умуминсоний ғояларни ўзида мужассам этган эртакларнинг таълимий ҳамда тарбиявий аҳамияти жуда катта.