Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

МАҚОЛА: Эпик анъана ва "Алпомиш" достони

 

Халқ ижодини ўрганиш бу халқнинг турмуш тарзи, урф-одати, анъаналари, тарихи, бугуни ва келажаги, тафаккур тарзи ҳамда руҳиятини ўрганиш демакдир. Унда миллатнинг ўзини билиш, англаш, намоён этиш хислатлари, уринишлари, халқнинг минг йиллик ҳаёт тарзи, дунёқараши акс этган бўлиб, оддийроқ тилда айтадиган бўлсак, халқ ижодини ўрганиш бу бевосита халқнинг ўзини ўрганиш демакдир.

Бугунги маънавиятимиздаги янгиланиш жараёни, шубҳасиз, адабий меросимизни, шу жумладан халқ оғзаки ижодини, унинг бадиияти, мифологик қатламини қай даражада ўзлаштиришмиз билан белгиланади. Бунинг учун эса энг аввола санъатга, адабиётга замин бўлган халқимизнинг қадим мифологик тасаввурларини, бахшичилик санъатини яхши ўрганишимиз, таҳлил ва тадқиқ этишимиз лозим бўлади. Зеро, эпик ижод ҳар бир халқнинг бадиий тарихидир.

«Алпомиш» достони ҳам халқимизнинг қадим тасаввурларини ўзида намоён этган, эпик санъаткорлар томонидан асрлар давомида куйланиб келинган энг бебаҳо дурдонадир. Унинг қирқдан ошиқ ўзбек вариантлари ва турли версиялари мавжуд. Ҳар бир версия ва вариант алоҳида-алоҳида тадқиқотни талаб этади. Мазкур достон нафақат ўзбек, балки дунё достончилигида алоҳида мавқега эга, тарихий асослари қадимий, бадиий жиҳатдан юксак эпик ижод намунаси ҳисобланади.

Бу достон кўп ва хўп ўрганилди. Бироқ, ҳали бу достоннинг жаҳон фольклоршунослигидаги ўрни, мифологик асослари, бадиий қатламлари, эпоснинг халқимизнинг тарихи, урф-одат ва маросими билан боғлиқ жиҳатлари такрор ва такрор ўрганилишни талаб этади.

Биргина мисол, эпосда миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ маросимларнинг акс тишини, бахшининг эпик анъанага нечоғлиқ риоя этганлигини олиб қарайлик. Шуни айтиб ўтиш керакки, эпоснинг, айниқса қаҳрамонлик достонларининг бевосита маросим боғлиқ жиҳатлари ҳали етарли даражада ўрганилган эмас. Архаик эпосда, жумладан, „Алпомиш" достонида ҳам маросимларнинг муҳим ўрин тутиши ва устивор қонуният кашф этиши кузатилади. Бироқ, қаҳрамонлик эпоси биргина маросимлардан келиб чиқади ёки туғилади деб хулосалаш масалани ўта жўн ҳал этиш бўлади. Маросим эпик формаларнинг транцформацияси орқали юзага чиқади. Ушбу архаик эпик форманинг бевосита маросим билан алоқадорлик томонларини тадқиқ этиш эпоснинг туб асосларини ёритишда ўта муҳимдир. Бу ўринда икки жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш зарур: Биринчидан, эпоснинг маросимлардаги ўрни ва функцияси. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида давом этаётган қадимий анъана - тўйу томошо ва бошқа маросимларнинг бахшилар иштирокида ўтказилиши. Иккинчидан, маросимларнинг эпосда акс этиши, яъни маросимларнинг эпос сюжетида тутган ўрни.

«Алпомиш» достонини, таъбир жоиз бўлса, халқимизнинг кўҳна маросимлар, урф одатлар, ирим-сирим, таъбуларининг «қомуси» деб аташ мумкин. Чунки, ҳеч бир эпосда халқимизнинг маиший ҳаёти бунчалик кенг кўламда ўзининг бадиий ифодасини топмаган. Фарзанднинг туғилишидан олдин овга чиқмоқ, суюнчи олмоқ, фарзанднинг туғилиши, фарзандга исм қўймоқ, этагига солмоқ, бешик тўй, тўй маслаҳати, жарчи қўймоқ, чуфуррон тўй каби турли хил одат ва маросимларнинг «Алпомиш» эпосидан жой олиши муҳим аҳамиятга эга ва улар махсус тадқиқотларни талаб этади.

Эпос ва маросимни ўрганишда биринчи навбатда қиёсий типологик методнинг устиворлигини инкор этмаган ҳолда, структурал, лингво - поэтик ва руҳий таҳлил каби кўплаб методларга ҳам суяниш лозим бўлади. Қиёсий типологик таҳлилда биринчидан, маросимларни ўзаро қиёсий ўрганиш мумкин бўлса, иккинчи томондан уни эпос ва эпосдаги мотивлар билан муқоясалаш имконияти туғулади. Лингво - поэтик ва руҳий таҳлил методлари эпос ва маросим семантикасини чуқурироқ ёритиб беришда асосий омил бўлади. Структарал метод эса эпос ва маросим тизимини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки архаик эпос билан маросим структураси ўзаро уйғун келишини кўрамиз.

Шомоннинг шажараси, унинг танланиши, ҳомий руҳлар кўмагида бўлиши, ўзга дунёга сафар, ёвуз руҳлар билан жанги, ўзга қиёфага эга бўлиши бу шомонлик маросимига хос хусусиятдир. Архаик, жумладан, «Алпомиш» эпосида ҳам шажарага алоҳида урғу берилиши, Ҳакимбекнинг туғилиши ва доимо пирлар кўмагида бўлиши, қаҳрамонликлар намойиш этиши, сафарга отланиши, ёвузликка (ёвуз руҳларга) қарши кураши, етти йиллик зиндон, яъни рамзий «ўлик»лик ҳолатидан сўнг, қайта тирилиб чиқиб, Қўлтой қиёфасига кириши структурал жиҳатдан шомонлик маросими билан айнан бир хил эканлигини кўрамиз. Қолаверса, эпоснинг генитик хусусияти унинг жанр структурасини ўрганиш орқали очилади.

Эпос ва маросим ҳақида сўз кетганда, мутахассислар уларни бир-бирига боғлаб турувчи энг муҳим жиҳат: эпоснинг халқ ижодининг специфик намунаси сифатида маросим ва маросим фольклори билан бевосита алоқадорлигида кўришади.

Маросимнинг эпосда акс этиши ҳақида сўз кетар экан, унинг асосан икки: а) маиший турмушда ўз ижро ўрнига эга бўлиб, эпосда ҳам бадиий акс этган (фарзанднинг туғилиши, исм қўйиш, бешиккерти қилмоқ, аташтириб рўмол ўрамоқ, совчи қўймоқ, қаллиқ ўйнамоқ ва ҳакоза; б) маиший турмушда ижро ўрни унитилиб, бадиий ҳолатга кўчган (фарзанд туғилишидан олдин овга чиқиш, куёвга келин томонидан шартлар қўйилиши ва ҳ. ) жиҳатларини тадқиқ этиш лозим бўлади.

«Алпомиш» достонида фарзанднинг туғилиши, унга исм берилиши билан боғлиқ ўринлар қисқа сатрларда айтилиб кетган бўлсада, у достон сюжетида муҳим аҳамиятга эга. Достон қаҳрамони Ҳакимбек етти ёшга тўлганда Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон парли ёйни отгани учун «Алпомиш» деб аталади: «Шунда барча халойиқлар йиғилиб келиб айтди: ...бу Алпомиш алп бўлсин. Тўқсон алпнинг бири бўлиб санага ўтди». Қадим маросимларда, хусусан, шомонликда маросимдан сўнг қаҳрамонга иккинчи исм берилган. Бу биринчидан шомноннинг эранлар томонидан танланганлигини ва руҳий камолатга етганлигини билдирса, иккинчи томондан унинг бошқа қиёфага кирганлигини, магик қудратга эга бўлганлигини ҳам кўрсатган. Бугунги кунда ҳам республикамизнинг жанубий вилоятларида баъзан оилада ўғил фарзанд туғилса уни «орқалик» экан деб, ҳамда инсу жинс, ҳар хил ёмон руҳлардан асраш мақсадида болага дастлаб ёлғон исм берилади. Агар шундай қилинмаса, у хасталикка чалиниши мумкин деган қараш мавжуд. Маълум бир муддатдан сўнг кичик бир маросим ўтказилиб, болага ҳақиқий исм қўйилган. Эпосда маросим ҳеч қачон батафсил тасвирланмайди, балки, унинг муҳим нуқталари ўзининг бадиий аксини топган бўлади. Энг эътиборли жиҳати, маросим эпос тизимида сюжетни юзага келтириб, эпик характер касб этади. «Алпомиш» достонидаги Ҳакимбекка иккинчи исм берилиши билан боғлиқ халқа олиб ташланса, достон мазмунига жиддий путур етади. Демак, маросим маълум маънода эпос сюжет халқасининг юзага келишига замин бўлиши билан бирга бевосита бадиий эстетик функция бажаради. Барчиннинг элдан ажратилиб, баланд бир тепаликка ўтов тикиши достонда шундай тасвирланади: «Ўн минг уйли қўнғиротдан чиқариб, Барчиннинг ўтовини кўтариб, ҳў, анадай овлоқ тепанинг бошига тикиб қўйди. Бул ўтовда қирқин канизлари билан Барчин ўтирди.» Бу ерда диққатимизни тортадиган икки жиҳатга тўхталиб ўтиш зарур. Биринчиси, Барчин ўтовининг тепаликка тикилиши. Тепалик, тоғ бу қадимда маросимлар ўтказиладиган муқаддас жой ҳисобланган. Иккинчиси, ўтовнинг оқ ва бахмал эканлиги. Оқ ва қизил (бахмал) ранг биринчи навбатда икки олам (эркак ва аёл бирлигининг макони) ҳақидаги қадим тушунчаларни ўзида ифода этган. Шунинг учун ҳам бу икки ранг эпосда ҳам, маросимларда ҳам аниқ рамзий маънога эга. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида узатилаётган қиз тўй куни бирор бир қариндоши ёхуд қўшниларидан бириникида, яъни ўз уйидан узоқроқда бўлади. Қизнинг дугоналари узатилаётган қизни яширишиб, «қиз яширди» маросимини ўтказади. Куёв томондан танланган вакил бўлғиси келинни топиб олиши керак. Ана шу «қиз яширди» маросимидан сўнггина, бўлғуси келиндан вакиллар рози - ризолик олишади. Достонда ҳам айни маросим ўз аксини топган: «Қадимги расими шундай бўлади, Барчинойни қиз опқочди қилади,...Бир ерда буларни топиб олади».

Ана шу каби маросимлардан яхши хабардор бўлмасак, Барчиннинг ўтов тикиб, ўз элидан ажралиб чиқишини жуда жўн талқини қилишимиз табиий, албатта. Аслида эса, «Алпомиш» каби классик эпосда, бирор бир детал ноўрин келмайди ва уларнинг ҳар бири ўзининг чуқур маъносига эга.

Барчиннинг алоҳида ўтов тикиб, ўз элидан ажралиб чиқиши, бу бир томондан қизнинг балоғатга етганидан далолат берса, иккинчи томондан унинг иҳота қилинишини англатади.

«Қиз яшириш», яъни турмушга чиқаётган қизнинг жамоадан ажратилиши, унинг иҳота қилиниши, яъни ҳар хил нохушликлардан, ёмон кўзлардан сақлаш учун қилинган амалий ҳаракат бўлиб, Барчиннинг тепаликка, ўтов тикиши эса ана шу қадим маросимнинг достондаги бадиий ифодасидир.

Сочнинг маросим ва фольклордаги ўрни, функцияси ва поэтик кўлами шу даражада улканки, буни биргина мақола ёки тадқиқот доирасида ҳал этиш анчайин мушкул масала.

Маросимда магик ҳаракатлар ритуал аҳамият касб этса, эпосда у бадиий кўринишга эга. Буни «Алпомиш» достонидаги «соч сийпатар» ва шу каби маросимларда кўришимиз мумкин.

Соч, ёл бу руҳга тегишли. Бировнинг сочи ёхуд ёлига эгалик қилиш, унинг руҳга эгалик қилиш, уни ўзига тобе этиш билан баробар ҳисобланган. Фрэзер соч қадим маросимларда энг юксак мавқеда бўлганлигини, ибтидоий инсон сочни тараш, олдириш, куйдириш орқали табиатга ва руҳга таъсир қилиш мумкин деб ҳисоблаганлигини таъкидлайди.

Соч сийпатар, умуман сочнинг ўрилиши бу қиз боланинг балоғатга етганлиги англатувчи унсурлардан бири булиб, у қадимий соч магияси билан боғлиқ маросимнинг трансформацияга учраган бир кўринишидир. Соч магияси биринчи навбатта ҳосилдорлик культига бўлган эътиқоддан келиб чиққан. «Алпомиш» достонидаги «соч сийпатар» маросимида ҳам ана шундай қадим тасаввурлар ўз ифодасини топган.

Арқон, таёқ, ойна маросимларда энг кўп ишлатиладиган предметлардир. Уларни бирлаштириб турувчи жиҳат эса, бу учала жисм қадим тасаввурларга кўра икки дунё ўртасидаги чегара, белгини ифодалашидир. Шунинг учун куёв-келин йўлига ташланадиган арқон, таёқ (бақан) бу уларни бир дунёдан иккинчи бир дунёга қадам қўйганлигини англатган. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёл таёқ ёки арқондан ҳатламайди, оқар сувда чўмилмайди, тунда кўзгуга қарамайди, сочини кесмайди деган одатлар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Ойна аслида сувнинг атрибути ҳисобланади, сув табиий хусусияти билан кўзгуга тенглаштирилган. Сув эса икки дунё ўртасидаги чегара. Шунинг учун ҳам сувнинг барча дин ва турли хил маросимлардаги ўрни жуда баланд.

«Кампир ўлди» маросими никоҳ тўйининг бир қисми ҳисобланади. Бу маросим баъзи жойларда келининг уйида, айрим ҳудудларда келин куёвникига олиб келингандан кейин амалга оширилган. «Алпомиш» достонида у келин, яъни Барчиннинг уйида амалга оширилади.

Н.П. Лобачева бу маросим ўтган асрнинг ўрталарида Ўрта Осиёда яшовчи туркий халқларнинг барчасида учрашини таъкидлайди. Бу маросим бугунги кунда сақланиб қолган. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида худди достонда айнан келтирилгани каби келин томонда амалга оширилади. Чимилдиқ тутилган уйга кирмоқчи бўлаётган куёв навкарларининг йўли тўсилиб, остонада турган бир кампир ит бўлиб «ириллайди». Одатда ит бўлиб ириллайдиган кампир кайвони, ували жували ва обрў - эътиборли, энг муҳими, келин томоннинг энг яқинларидан бири бўлиши керак.

Кампирнинг «улуши» берилгач, куёв ичкарига киритилади. Шундан сўнг «кампир ўлди» маросими бошланади.

Маълумки, никоҳ ҳамма вақт ўлим ва туғилиш орасидаги муҳим бир восита, ҳаёт – ўлим - ҳаёт давомийлик циклининг бошланиши ҳисобланган. Ўлиб тирилувчи маъбудлар ҳақидаги қадим тасаввурларга кўра, кекса қиш ер юзини тарк этгандан сўнг, у янги – баҳор қиёфасида дунёга келади. Ўлим йўқ экан, туғилиш ҳам бўлмайди; қиш «ўлмаса», баҳор «туғил»майди. Аслида ўлим ва туғилиш бир ҳолатнинг икки кўриниши халос.

Достондаги «кампир ўлди» маросимида ҳам худди ана шу нарса, яъни бир фасл(цикл) ўрнини, иккинчи бир фасл олганлиги, «кампир» ўлиб, янги оила дунёга келаётганлиги, мангу давомийлик циклининг рамзий ифодасидир. Табиат фаслини кекса кампир қиёфасида тасаввур қилиш «Чой момо», «Сўст хотин» маросимларида ўзининг янада ёрқинроқ ифодасини топган.

Маълумки, ўлиб тирилувчи маъбудлар ҳақидаги кўплаб мифлар мавжуд. Бундай мифларга хос бўлган энг муҳим хусусият уларнинг табиат ва ҳосилдорлик культини ўзида мужассам этгани ва уларнинг кўпчилиги, албатта, аёл қиёфасида бўлганидир. Ҳар фасл алмашганда эса уларга қурбонликлар қилиниб, махсус маросимлар ўтказилган. Қадим Мисрда Осириснинг ўлиб-тирилиши баҳор маросимларида томоша қилиб кўрсатилган.

Германияда янги никоҳ қурган келинчакларга ўлимни ифодаловчи сомондан қилинган қўғирчоқ кўрсатилган. Қари кампир кўринишидаги «ўлим» келинчакнинг кўп фарзандли бўлишига ёрдам беради деган тасаввур бўлган.

Кўпгина тадқиқотчилар ўлимнинг ҳосилдорлик ва серфарзандлик бўлишида кўрсатадиган таъсири ҳақида тасаввурлар никоҳ маросмларида жуда барқарор эканлигини таъкидлашади. Шунинг учун ҳам оила ва мавсум маросимларини бир-бири билан ўзвий боғлиқ равишда ўрганилиши зарур. Зеро, оила маросимларининг барча қирралари мавсумий маросимларини ўрганиш орқали очилади.

Хулоса қилиб айтганда, эпос ва маросим бир-бири билан чамбарчас боғлиқ жараён. Маросимларнинг тарихий илдизларини ёритишда «Алпомиш»га ўхшаш эпосларимизга мурожаат этишимиз табиий. Эпосдаги мотивларни эса маросимлар билан қиёсий ўрганганимиздагина уларнинг мазмун моҳияти янада тўлароқ очилиши мумкин. Эпик ижодкорнинг қобилияти, иқтидори анъаналарга нечоғлиқ риоя қилиб, аждодлардан авлодларга улашиб келинаётган қадимий достонга ўз улушини қўшиб, уни қанчалик янгилай олганлигида намоён бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар

  • 1. Алпомиш. Достон. Айтувчи Фозил Йўлдош ўғли. Нашрга тайёрловчилар: Ҳоди Зарифов ва Тўра Мирзаев. –Тошкент: Фан, 1999. –820 б.
  • Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героической эпос. – Москва: Государственное издательство художественной литературы, I947. –520 с;
  • Лобачева Н. П. Различние обрядовие комлекси в свадебном церемониале народов Средней Азии и Казахистана. Домусулманская верования и обряди в Средней Азии.-М.: Наука. 1975.-С.302-320.
  • Мирзаев Т. Эпос и сказитель.–Ташкент: Фан, 2008. –С. 70– 160.
  • Путилов Б. Эпос и обряд // Фольклор и этнография.-Л.:Наука.1974. –С.76.
  • Саримсоқов Б. Ўзбек маросим фольклори. – Тошкент: Фан, 1986., 65-119 бетлар.
  • Фрэзер Дж. Фольклор в Ветхом завете.-М.: 1989.-С. 263-265.

Муаллиф: Доктор Жаббор Эшонқулов, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг етакчи илмий ходими

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)