Кулолчилик
Соҳа: Анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар
Тартиб рақами: 05.06
Ўзбекистон кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади, чунки замонавий анъанавий ва ноанъанавий кулолчилик санъати (ХIХ асрда тарихан шаклланган) вакилларида маҳаллий маданиятнинг тарихий қатламларига қизиқишлари кузатилмоқда.
Ўзбекистонда қадимдан ҳар воҳанинг ҳунармандчилик марказлари вужудга келиб шаклланган. Ишлаб чиқариш услуби бўйича кулолчилик иккита асосий турларга бўлинган – сирланган ва сирланмаган. Сирланмаган кулолчилик қадим тарихга эга. VIII аср охири – IХ аср бошида Мовароуннаҳр шаҳарларида сирланган кулоллик кенг тарқалган. IХ-ХVIII асрларда ушбу услуб бадиий камолликка ва юқори технологик сифатга эга бўлди.
ХХ асрдан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида асосий мактаблар ва марказлар ташкил топди: а) Самарқанд-Бухоро мактаби, Тошкент, Самарқанд, Ургут, Бухоро, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Каттакўрғон, Денов марказлари билан; б) Фарғона мактаби Риштон ва Ғурумсарой марказлари билан; в) Хоразм мактаби Хонқа, Модир қишлоғи, Каттабоғ, Чимбой марказлари билан. Ҳар бир марказ ўзига хос маҳаллий хусусиятларини сақлаган. Уларда ҳозирги вақтда сопол идишларнинг ясси (косалар, лаганлар), баланд, яъни юқорига қараб йўналтирилган (кўзалар, хумлар) турлари ва уй-рўзғор буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Фарғона ва Хоразм кулолчилигида анъанавий мовий рангдаги ишқорли сир тайёрлаш йўлга қўйилган, аммо улар ўзига хос безак-нақшлари ва буюмларнинг хилма-хиллиги билан ажралиб туради (намояндалари М.Туропов (Ғурумсарой), И.Комилов (Риштон), Р.Матчонов (Хоразм) ва б.
Бухоро-Самарқанд сопол буюмлари жарангдор нафис бўлиб чиқишида қўрғошинли сир ва сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин эгаллайди (намоёндалари Алишер ва Абдулла Нарзуллаевлар (Ғиждувон), Намоз ва Нўъмон Облоқуловлар (Ургут), Х.Ҳақбердиев (Самарқанд).
Қашқадарё (Касби) кулолчилигида ҳозирги кунда фақат сирланмаган буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бадиий кулолчилик санъати ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва тарғиб этилмоқда, унинг янада ривож олиши учун қулай шароитлар яратилмоқда.