АНЪАНАВИЙ ТАБОБАТ
Соҳа: Табиат ва коинот билан боғлиқ урф-одатлар
Тартиб рақами: 04.03
Барча Шарқ халқларидаги сингари Ўзбекистон ҳудудида ҳам жуда қадимий илдизларга эга бўлган анъанавий табобат кенг тарқалган. Ушбу маълумотларнинг жуда катта қисми Бухоро шаҳри ёнидаги Афшона қишлоғида туғилган ва бутун дунёга Авиценна номи билан танилган юртдошимиз томонидан ёзиб олиниб, амалиётда қўлланилиши натижасида замонавий медицина илми дунёга келганлигини тарих исботлайди.
Замонавий табобатда ҳам, анъанавий табобатда ҳам касалликни даволашда ташхис қўйиш жуда катта аҳамиятга эга. Халқ табобатида бу жараён – беморнинг томир уришини эшитиш, тананинг тегишли қисмини қўл билан пайпаслаб кўриш ва кўз билан текшириш орқали амалга оширилиб, аксарият ҳолларда беморнинг мижозидан келиб чиқиб даволаш усуллари танланади.
Халқ табобати усталарини шартли равишда учта турга ажратиш мумкин:
• қўл билан даволаш (мануал терапия);
• сўз ва мусиқа билан даволаш (психотерапия);
• дори билан даволаш.
Оддий халқ ичида беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш услублари ҳам кенг тарқалган. Масалан тананинг бирор қисми куйганда катошкани кесиб босиш, кейинчалик куйган жойга ғоз ёғидан суриш, қулоқ ичига пашша ёки қўнғиз кирибчиқолмай қолган бўлса қулоққа она сутидан томизиш, ёки томоққа бирор нарса туюлиб қолса бармоқ билан чиқариб олиш (илгирлик) каби жуда кўплаб услублардан ҳалигача фойдаланилади. Шу билан бир қаторда халқ ичида анъанавий табобатдан касб сифатида шуғулланмаса-да, ўз аждодларидан ўрганган услубда турли ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш сирларини биладиган кўплаб кишилар топилади.