Ёмғир чақириш ва шамолни тўхтатиш маросимлари
Соҳа: Табиат ва коинот билан боғлиқ урф-одатлар
Тартиб рақами: 04.01.01
Ёмғир чақириш маросими. Ўзбекларнинг қадимдан асосий хўжалик машғулоти деҳқончилик бўлган бўлиб, минтақада деҳқончилик суғорма ва табиий, яъни ёмғир сувлари билан суғориладиган лалми(қайроқт) деҳқончилик қилинган. Лалми деқончилик қилинадиган ерларда баҳорда ёмғир ёғмасдан қурғоқчилик бошланса ёмғир чақириш билан боғлиқ маросим ўтказилган. Бу маросим "Суст хотин", "Сут хотин", "Сув хотин", "Чала хотин" каби номлар билан номланган.
Ёмғир чақириш билан боғлиққ маросимлар, гарчи турли номлар билан юритилсада моҳиятан, бажарган вазифасига кўра бир хилдир. Сув билан боғлиқ урф-одат ва маросимлар ўзининг узоқ тарихига эга бўлиб, зардуштийлик дининг муқаддас китоби "Авесто"да ер, сув ва ҳосилдорликнинг худоси деб "Анахита"билан боғлиқ деб ҳисобласалар айрим мутахассислар эса уни ёмғир илоҳи Тиштирийа билан боғлаб талқин қиладилар.
"Суст хотин" маросими Ўзбекистоннинг Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларидаги айрим қишлоқларда аёллар, Шўрчи, Косон туманларида ва ўзбек лақайларида эркаклар иштирокида ўтказилган. Бунда белгиланган вақтда ўн ўн беш нафар аёллар махсус ясалган қўғирчоққа кекса аёлнинг кийимини кийдиришган. Уни бир аёл кўтариб олган ва қолганлар унинг орқасидан эргашиб, қишлоқдаги уйларга бирма бир кириб чиқишган. Улар ҳар қайси ҳонодонга кирганда "Суст хотин" қўшиғини:
Суст хотин, султон хотин,
Кўланкаси майдон хотин
Суст хотинга не керак,
Шаррос-шаррос ёмғир керак.
деб айтишиб, қўғирчоқни устидан сув сепишган.
Хонадон эгаси эса мамнуят билан уларга атаган нарсаларини ҳадя этишади. Наманган вилояти Чуст туманида маросим учун қулай бўлган ҳафтанинг чоршанба куни ўтказилган ва аввало ўтганлар руҳига бағишлаб "ис" чиқарилиб, чўзма, палов пиширилган. Маросимда ёш болаларнинг кўпроқ бўлишига ҳаракат қилинган, чунки улар гуноҳсиз бўлиб, қилган дуолари яхши ижобат бўлишига ишонилган. Водийда тошбақани тескари қилиб қўйилса, ёмғир ёғади деган тасаввур ҳам бўлган.
Ёмғир чақириш билан боғлиқ маросимлар табиат ҳодисалари билан боғлиқ руҳий олам тўғрисидаги тасаввурлар натижаси бўлиб, ҳозирга қадар бирмунча ўзгарган шаклда, диний қарашлар билан ўзаро қоришган ҳолда анъанавий урф-одатлар замирида сақланиб қолган.
Шамолни тўхташиш билан боғлиқ маросим. Ўзбекларда сурункали қаттиқ шамол эсган вақтда уни тўхтатишга қаратилган махсус маросим ўтказилган бўлиб, бу м аросим "Чой момо" дейилган. "Чой момо" маросими Жанубий Қозоғистоонинг Туркистон ва Сайрам туманларида яшовчи ўзбекларда ўтказилган.
"Чой момо" "чал момо" сўзининг фонетик ўзгарган шакли ҳисобланади. Қадимги туркийларда " чал" сўзи шамол маъносини ҳам англатган. Демак "чал момо" сўзи "шамол момо" деган маънони билдиради.
Ёз фаслида бошоқли экинлар пишган вақтда кучли шамол бўлиб, у сурункали давом этса, экинларни шамолдан ҳимоя қилиш мақсадида аёллар иштирокида кундуз куни "Чой момо" маросими ўтказилган. Маросим аввалида қишлоқ ёки маҳалладаги ёши кекса аёллар юзларига қоракуя суртишиб, қўлларига ҳасса олишиб "Чой момо" қўшиғини:
Чой, чой, чой мома.
Чой момаси ўлибди,
Ўғли етим қолибди.
Боса-боса беринглар,
Босилиб қолсин бу шамол.
деб айтишиб қишлоқни айланиб чиқишган. Кекса ёшли момоларга бошларига қизил шолча ёпган бешта қизлар ҳамроҳ бўлишади. Уларнинг орқасидан етти-саккиз ёшли бола хуржун осилган эшакни миниб боради. Ўз навбатида маҳаллла аҳли уларга турли туман нарсаларни(буғдой, тухум, нон ва пул) тувҳа қилишади ва якунида қишлоқ аҳолиси белгиланган жойга тўпланишиб Шамол отага бағишлаб қурбонлик қилинади. Туркистонда "Чой момо" маросимни аёллар эмас, балки бошига кулоҳ кийиб олган ёки салла ўраб, юзига қоракуя суртиб олган ики эркак киши томонидан ўтказилган. Ҳозирда бу маросим халқ ҳаётида деярли ўтказилмайди ва фақат фольклоршуносликка оид адабиётлардагини сақланиб қолган.