Бойчечак маросими
Соҳа: Жамиятнинг урф-одатлари, маросимлари ва байрамлари
Тартиб рақами: 03.02.03
Бойчечак маросими - Туркий халқларда кўклам келиб, бойчечак чиққанда ўтувчи маросим, баҳорнинг илк гулига бағишлаб ўтказиладиган сайл. Баҳор билан боғлиқ «Лола», «Гул» каби кўплаб сайлларнинг ибтидосида «Бойчечак» маросими туради.
Бойчечак маросими таҳлили шуни кўрсатадики, қадимда бу маросим қиш ва кўкламнинг курашини ифодалаган. Тилшунос аллома Маҳмуд Кошғарий ўзининг «Девону луғотит турк» асарида қиш ва кўклам мунозараси ҳақидаги сатрларни келтириб ўтади. Бу сатрлар биринчидан қиш ва кўклам кураши ҳақидаги тасаввурлар акс этган қадимий қўшиқлар Кошғарий замонида мавжуд эканлигидан далолат берса, иккинчи томондан у «Бойчечак» маросим қўшиғига уйғун эканлиги билан ҳам эътиборга моликдир.
Бундай маросим ва байрамлар тоғ бағрида, қир-адирларда, боғларда ўтказилган. Бу маросим улус ҳаётида муҳим саналган ва унга махсус тайёргарлик кўрилган. Маросимда сўз компонентининг нисбатан тугал ҳолатда сақланиб қолганлиги шундан дарак беради. Даставвал катталар ижросида ўтказилган бу маросим кейинчалик болалар фольклори кўринишини олган. Зеро, унитилган кўпгина маросимларнинг излари айнан болалар фольклори таркибида сақланиб қолади.
Бойчечагим бойирон,
Гуллар ичра айирон,
Айронингдан ичмайман,
Баҳоримдан кечмайман.
Бойчечак маросимида айтилган бу қўщиқда ижрочининг қишга ва кўкламга муносабати аниқ. У қишни ҳайдаб, кўкламга интилмоқда. Кўклам ҳукмга киргач, энди чиққан бойчечаклар толларнинг шохлари, бутоқларига осилиб, бойчечак қўғирчоғи ясалиб, қурбонлик маросимига шайланади:
Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Бойчечак тутган болалар уйма –уй юриб, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Маросим қанчлик тантанали ўтса, унда куйланган кўкламни улуғловчи қўшиқлар қанчалик баланд куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этган. Кўклам чечаги Бойчечак эса хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади деб тасаввур қилинган. Хонадон эгалари бойчечак келтирган болаларга қишни қувиб ҳайдаб, уйига кўкламни олиб келгани учун совға салом улашган. Бойчечакни кўриб қувониш, уни кўзига суртиш кўклам-бойчечакнинг ғалабасини, қиш тугаб, баҳор бошланганини англатган.
Бугунги кунда Бойчечак маросими болалар ижросида сақланган бўлиб, улар энди чиққан бойчечакни тутиб худди рамозон қўшиқларини ижро этилишига уйғун ҳолатда хонадонма-ханодон "Бойчечак" қўшиғини ижро этиб, махсус тортиқлар олишади. Рамозон мавсумида ижро этилувчи "Рамозон" қўшиқлари бевосита "Бойчечак" маросими ўзанида шаклланган. Хоразимда ўтувчи "Ашадарози" маросимда эса сомон қўғирчоқ шакли сақланган.
Маълумки табиатни жонланитириб тасаввур қилиш, бутун борлиқ қиш пайти ўлиб, кўклам келгач қайта тирилади деб тушуниш айни жараён қиш ва ёзнинг аёвсиз кўрашида ўтади деб талқин этиш дунёнинг барча халқлари тажрибасида учрайди. Шу асосида кўпчилик халқлар қиш ва кўклам курашини махсус театрлаштирилган ҳолда тасвир этувчи магик мазмунли маросимлар уюштиришган. Келаётган кўкламнинг бу курашда қишни енгиши табиатга таъсир қилади, деб тушинилган.
«Бойчечак» маросими ва у билан боғлиқ қўшиқлар республкамизнинг турли ҳудудларида бугунги кунгача ижро этилиб келинади.