Қўғирчоқбозлик
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.06.04
Ўзбек қўғирчоқ томошалари анъанавий халқ томоша санъатининг алоҳида йўналиши бўлиб ўз анъаналарига эга. Бу санъат Сурхондарёда "Сувхотин", Хоразмда "Ашшадароз", "Масхарабоз", "Полвон" номлари билан юритилган.
Қўғирчоқларни ўйнатишнинг турлари мавжуд бўлиб, уни миллий қўғирчоқбозлар "қўл қўғирчоқ" (қўлқоп сифатида кийиладиган қўғирчоқлар учун), "ип қўғирчоқ" (марионетка қўғирчоқлари учун), "майда қўғирчоқ" ва "катта қўғирчоқ" номлари билан аташади.
Қўғирчоқ томошалари катта сайил ва томошаларда анъанавийликни сақлаган ҳолда унинг замонавий турларидан ҳам фойдаланиш одат тусига кирган. Бунда "От ўйин", "Шербоз" (шер ўйнатувчи) сингари томошалар ҳам қўшилиб, карнай-сурнай, дойра ва ноғоралардан ташкил топган ансамбль жўрлигида намойиш этилади.
Ўтган асрнинг 50 йилларидан кейин қўғирчоқбозликнинг асрий анъанавий турлари бир муддат унутила бошланди. Ҳозирги кунга келиб қўғирчоқларни ясовчи ҳунармандларнинг сайъи ҳаракатлари туфайли ўша анъаналар тикланишга йўл тутди. Бундай усталар ичида Хоразм вилоятининг Хонқа туманидан Мансур Қурязовни алоҳида ўринга эга. Чунки у ўз ижодида қўғирчоқ тайёрлаш санъати билан уни ўйнатиш санъатини қамраб олган. Қўғирчоқ тайёрлаш санъатининг намоёндалари сифатида Тошкент шаҳридан Шофайзи Шомухиддинов, Пўлатжон Дониёров, Азим бурунларни, Хивалик Маёқуб Воисов, Юсуф Тўхтаевларни, Бухородан Донияр Шохсуворов, Кенжа Жумаев, Олим Шамсиевларни, Фарғона вилоятидан Шарифжон Мирзарахимов, Тиллахон Матёқубова, Мирзакарим Ғафуровларни, Самарқанддан Кули бобо Наввотов, Карим Мажидларни, Холмурод Сиддиқов, Нарзулло Хамроевларни, Шаҳрисабздан Мустафо Бердиев, Тари Ашуровларни, Андижондан Абдусамат Йўлдошев, Жўрабой Отабоевларни келтириш мумкин.