Дорбозлик
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.06.01
Дорбозлик – дор ўйин – баланд дор устида ўйинлар кўрсатиш томоша санъати жанри, ХХ асрда цирк санъати ҳам жанри. Дор устида ҳар қандай нотурғун ҳолатда ҳам гавда мувозанатини сақлаш маҳорати намойиш этилади. Дорбозлик тахминан 2,5 минг йил муқаддам Шарқда пайдо бўлган, сўнг бутун дунёга тарқалган. Дор дастлаб паст қурилган, машқлари ҳам содда бўлган.
Давр ўтиши билан дор тобора баландроқ қурилиб, ўйинлари мураккаблаша борган, ХVIII аср охиридан эса, цирк саҳнасида намойиш этиладиган бўлди ва цирк санъатининг ажралмас қисмига айланди, янги тараққиёт даври бошланди.
Ўзбекистонда дорбозлик (дор ўйини, симбозлик, симдор, сим ўйини, катта ва кичик дор ўйинлари) халқ томоша ўйини бўлиб, қадим тарихга эга. Баъзи манбалар Амир Темур саройида ажойиб дор ўйинлари кўрсатилгани тасдиқлайди. Дорбозлик Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида, айниқса, Қува ва Асакада тараққий этган. Ўтмишда ўзбек дорбозлари Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон, Эронда, ХVIII-ХIХ асрлардан Россияда ўз маҳоратларини намойиш этганлари тўғрисида маълумотлар бор. Ўзбек дорбозлари 25-30 м. баландликдаги устунларга қия қилиб тортиладиган арқон устида лангар чўп билан бўладиган ўйинларни: югуриш (олдинга, орқага), сакраш, оёқларга пичоқ ёки патнис боғлаб, шунингдек, кўзни боғлаб, бошга халта ёки қозон кийиб юриш, якка ва қўш чиғириқда ўйнаш каби турли-туман машқларни бажаришган. Дор ўйинлари дор тагида полвонлар чиқиши, раққосларнинг ўйинлари, қизиқчи, масҳарабоз, аскиячиларнинг чиқишлари ҳамда анъанавий цирк туркумларидан симдор, ёғочоёқ, найрангбозлик, бесуяк, муаллақчилик, ўргатилган айиқ, илон, маймун, от, эчки ўйинлари созандалар жўрнавозлигида (таркибида сурнай, карнай ва кичик доул (барабан) ёки доира) билан биргаликда олиб борилган. Дорбозлик санъати ўйинлари очиқ майдонларда, ўтмишда бозор ва Регистон катта майдонларида, тўй-томошалар, сайиллар, Наврўз байрамлари ва катта ярмарка-кўрғазмаларда намойиш этилган.
ХХ асрда ўзбек дорбозлик санъатини янги мазмунда ривожлантиришда ва анъаналарни давом эттиришда Асака дорбозлари сулоласининг атоқли намояндаси Тошканбой Эгамбердиевнинг хизмати жуда катта. ХХ асрнинг 30-чи йилларидан дорбозлар репертуарига бирмунча ўзгартиришлар киритилди. Муҳофаза воситаларидан фойдаланиш натижасида дор устида янги мураккаб ўйинлар ижро этила бошланди. Якка киши машқлари бир қаторда икки, уч, тўрт киши ижро этадиган машқлар кўрсатиладиган бўлди. Жумладан, икки дорбознинг бир-бирини елкасида ёки бошида туриб дордан ўтиши, обкашнинг икки томонида дорбозларни олиб ўтиш, дорда ўтирган дорбоз устидан сакраб ўтиш, елкаси билан дорга тиралиб, оёқни тепага чўзиш, икки дорбоз елкасига ўрнатилган тахта кўприкча устида тик туриш ва бошқалар. Тошканбоевлар сулоласи ташаббуси билан дорбозлик очиқ майдондан ёпиқ бинога ўтди ва цирк томошаларига айланди ҳамда унинг ўйинлари янада мураккаблашди. Катта дор билан кичик дор (симдор) ўйинлари амалга ошди.
Дорбозлик санъатини ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида мунтазам равишда дорбозлар кўрик-танлови ўтказилади. Мустақилликка эришилгандан сўнг ўзбек дорбозлари ўз санъатларини дунёнинг турли мамлакатларида намойиш этмоқдалар. Хозирги кунга келиб, Ўзбекистонда 40 та оилавий дорбозлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. "Ўзбекдавлатцирк" Республика бирлашмасининг Олимжон, Тоҳир ва Мурод Тошканбоевлар раҳбарлигидаги "Ўзбекистон дорбозлари" жамоалари қадимги дорбозлик анъаналарини замонавий циркнинг бадиий ифода воситалари билан бойитиб келмоқда. Ушбу сулола вакиллари кўпгина нуфузли Халқаро томоша санъати фестивалларида ва танловларида қатнашиб, анъанавий дор ўйинлари намойиш этиб, юқори совриндор ўринларига сазовор бўлмоқдалар. Дорбозлик санъатини муҳофаза қилишда, уни анъаналари сақлашда ва тарғиб этишда Юнусали Ғозиев оилавий дорбозлар гурухи (Андижон), Турсунали Мадаминов оилавий дорбозлар ва полвонлар халқ жамоаси (Фарғона), Баҳодир Дадажонов оилавий дорбозлар гуруҳи (Наманган), Ўктам Юсупов оилавий дорбозлар гуруҳи (Андижон) ва б. фаолият кўрсатмоқдалар. Ҳозирги кунда дорбозлик санъати Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бормоқдалар. Аксарият қатнашчилари ёшлар, дор ўйинларини оила жараёнида "устоз-шогирд" анъаналари орқали ҳамда Республика эстрада ва цирк коллежида дорбозлик анъаналари ёшлар томонидан ўзлаштирилмоқда. Дорбозлик санъатини сақлаш ва тарғиб этишда республикада дорбозлар кўрик-танловлари ва фестиваллари (охиргиси 2014-2015 йиллари), "Майдон томоша санъати" ва "Қўхна замин оҳанглари" (2012-2014 йиллари) телефестиваллари; Ўзтелерадиокомпанияси томонидан фильм (масалан, "Тошканбоев дорбозчилари"), Германия киноусталари томонидан Ў.Юсупов (Андижон) ва Т.Мадаминовлар оилавий гуруҳлари фаолиятига бағишланган "Дорбоз" фильми (2012), илмий тадқиқот ишлари, нашрлар, илмий-амалий анжуманлар (2015 йили ноябрь ойида Республика эстрада ва цирк колежида "Анъанавий дорбозлик ва унинг долзарб масалалари" мавзуида), Наврўз ва Мустақиллик байрамларида чиқишлар, республика ва Марказий Осиё республикалари ҳамда чет давлатларида дорбозлик гуруҳлари сафарлари шулар жумласидан. 2015 йили Ўзбекистон дорбозлик санъати ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига тақдим этилди.