Фарғона водийси рақслари
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.05.04
Фарғона рақсларининг илдизлари майдонларда намойиш этиш учун мўлжалланган "катта ўйин" ва меҳмонҳона ва хонадонларда намойиш этиладиган "кичик ўйин"га бориб тақалади.
"Катта ўйин" 280 дан ортиқ усулларга мосланган ҳаракатлар мажмуидан иборат бўлиб, ўзининг мавзу ва тизимига кўра ҳар битта рақс ҳаракати ўз номи ва унга мос усулига эга бўлган. "Кичик рақс" эса асосан лирик ва жўшқин ҳаракатлардан ташкил топиб, аксарият ҳолларда дойра ёки миллий чолғулар ансамбли жўрлигида қўшиқ (ялла ва лапар)ларга рақс тушиш асосига қурилган. Фарғона водийсида яллачи аёллар томонидан куйланадиган "Дучава", "Яллама ёрим", "Қора соч", "Қайтарма" ҳамда "Тановар"нинг вариантларига рақс тушиш кенг тарқалган.
Фарғона рақсларида эркаклар бўз матосидан тикилган кўйлан ва нимча ёки енгил халат, миллий шалвор, оёқларида этик ва бошларига дўппи кийган ҳолда рақсга тушадилар. Аёллар кийими ёрқин рангларга бой хонатлас, беқасам ва крепдешин матосидан тикилган ёқали кўйлак, нимча, ипак матосидан тикилган иштон, бошларига эса паранг, дурра шаклларида ўралган рўмол, оёқларида паст пошнали туфли, бўйин, қўл ва қулоқларига осилган турли зебу-зийнатлари билан ажралиб туради.
Фарғона рақсларининг сақланиши, саҳналаштирилиши ва тарғиботида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комиловларнинг хизмат беқиёсдир. Улар эркаклар рақсларидан ташқари аёлларнинг саҳна рақсларини Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Розия Каримова, Гавҳар Раҳимова сингари аёлларга ўргатиб, миллий рақс анъаналарининг сақланиши ва келгуси авлодга узатилишида кўприк вазифасини ўтадилар. Кейинчалик ушбу анъаналар Қундуз Миркаримова, Дилафрўз Жабборова, Қизлархон Дўстмухаммедова, Маъмура Эргашева сингари қатор рақс усталари ва устозлар томонидан ривожлантирилди. Ҳозирги кунда Фарғона рақслари кўплаб профессионал рақс жамоалари ва ҳаваскорлик ансамбллари репертуаридан кенг ўрин олган.