Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Сурхон рақслари

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.05.03

 

Сурхон рақслари бошқа ўзбек рақс мактабларидан кўчманчи аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқлиги билан ажралиб туради. Енгил ва дадил қадам ташлаш, маъноли қўл ҳаракатлари, гавданинг майин ҳаракатланиши билан бойитилган аёллар рақсида аксарият ҳолларда турмушда ишлатиладиган қошиқ, урчуқ, чиғириқ, чироқ ва бошқа рўзғор буюмларидан фойдаланилади.

Эркаклар рақсида ҳаракатлар ёрқинроқ хусусият касб этиб, доимий равишда бир оёқда сакраш, ерга чўкка тушган ҳолда гавданинг айланма ҳаракатлари, қўлларнинг самога тўғри ёки ён томонга худди қанотга ўхшаб чўзилиши билан ажралиб туради. Эркаклар рақсида пичоқ, ёғоч таёқлар кўпроқ ишлатилади. Шу сабабли бу рақсларни бургутнинг учишига тақлид сифатида ҳам қабул қилиш мумкин.

Сурхон рақсларида ҳам барча ҳаракатларнинг алоҳида номланиши бўлиб, уларнинг ҳар биттаси маълум маънога эга. Масалан: «тўлқама», «тебранма», «ирчитма», «ғажир қўнди», «қанот», «мўралаш», «мулойим», «шилшила», «силтама», «учирма» ва ҳоказо.

Аёллар либосида маҳаллий матолар - алача, бўз, жандадан фойдаланилади. Матоларнинг ранглари эса жуда ёрқинлиги билан ажралиб туради. Раққосаларнинг бўйин, қулоқ ва қўллари зебигардон, зафабанд, шода маржон, билакузук, зирак, нозигардон, кифтак, кўкрак тумор, мунчоқ, қўлтиқ тумор сингари тақинчоқлар билан безатилади.

Эркаклар яктак ёки оддий кўйлак, шолвор кийган ҳолда оёқларида мукки (енгил тери чориқ) билан рақсга тушадилар.

Сурхон рақсларининг сақланиши ва тарғиб этилишида Ҳолик Хурсандов, Абдулла Карим ўғли, Мулла Жума Дуторий, Хожи Болта раққос, Орзигул раққоса, Хурсанд Қурбон ўғли, Мулла Умар Дуторчи, Зикрилла Умаров, Абдухалил Назаров, Шоира Қурбонова, Комил Раҳмонов ва бошқаларнинг хизмати катта. Рақс анъаналари "Бойсун", "Шалола", "Булбулигўё" халқ ансамблларида давом эттирилиб, тарғиб этилмоқда.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)