Бухоро рақслари
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.05.02
Бухоро рақслари ҳозирги Бухоро вилояти музофотида шаклланиб ривожланган. Одатда Бухоро рақслари қўл ҳаракатлари билан бошланади, кейинчали гавда ҳаракатлари қўшилиб, ундан кейин оёқ ҳаракатлари билан тўлдирилади. Бунда гавданинг турли ҳолатлари, ортга букилиш, ўз ўқи атрофида айланиш, қўлларнинг ранг-баранг ҳаракатлари рақсларнинг жозибадорлигини оширади.
Бухорода аёлларнинг тиззага ўтириб, ўрнидан турмасдан гавдани ҳар томонга букиш, елкаларни силкитиш, қўлларнинг эпчил ва чаққон ҳаракатлари воситасида ижро этиладиган рақси "замин бози" (ер рақси) дейилади.
Бухоро рақсларининг энг мураккаб тури – "ларзон" (қўл кафтларини силкитиш) номини олган бўлиб, бунда раққосалар турли тақинчоқлар билан безанган ҳолда яланг оёқ рақсга тушадилар. Ларзон рақсида раққосалар бутун гавдасини силкитиб, ёнаётган оловда аланга ҳаракатларига ўхшаш ҳаракатларни бажаришади. Бухоро рақслари ҳаракатларининг алоҳида номи бўлиб, уларнинг ҳар бири рамзий маънога эга бўлади.
Бухоро аёллар рақсларида раққосалар қўл ва оёқларига занг (кичик қўнғироқчалар тўплами) таққан ҳолда, шу билан бирга қўлларида қайроқ тош билан рақсга тушиш ҳолатлари кузатилади. Занг ва қайроқ тошлар рақс ҳаракатлари ва рақс усулига монанд равишда садоланиши муҳим аҳамиятга эга.
Бухоро рақс анъаналарининг сақланиши ва кейинги авлодга етказилишида М.Хаимова, Червон хоним, Исахор Оқилов, Вилоят Оқилова, Тухфахоним Пинхасова, Олияхон Хасанова ва бошқаларнинг хизматлари катта. Ҳозирги кунда Бухоро рақслари анъаналари "Бухоро" ва "Мавриги" профессионал жамоалари, шунингдек Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган ҳаваскор фольклор-этнографик ҳамда рақс жамоаларида давом эттирилмоқда.