Хоразм рақслари
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.05.01
Хоразм рақси – ўзбек халқ рақс услубларидан бири ҳисобланади. Хоразм воҳасида қадим замонлардан шаклланиб асрлар давомида ривожланиб келган. Ушбу йўналиш ҳаракатларга бой, эркаклар ва аёллар рақсларида бармоқларни шақиллашиш, гавдани тик тутиш, қўлларни силкитиш ва бошқа ҳаракатлар, тиззага сакраш, қайроқ билан маром бериш ва бошқа усуллар мавжуд.
Бизгача етиб келган "Чағалоқ", "Норим-норим", "Алиқамбар", "Оразибон", "Мўри", "Хўббимбой", "Ширинновот" ўйинлари ижросида ўғлон раққослар ва масхарабозлар ўзини кўрсатган бўлса, "Ашшадароз", "Мақом уфори" каби рақсларда раққосалар устунлик қилган. "Лазги" рақс туркуми ижросида эркак ва аёл рақс усталари бирдай маҳорат билан ўйнайдилар.
Хоразм рақсининг ривожига фаол ҳисса қўшган санъат усталари орасида Онажон халфа Собирова (1885-1952) алоҳида ўрин тутади. У халфа томошалари, гармон чалиб қўшиқ айтиш, рақсларга ўргатиш, айниқса аёлларни саҳнага жалб этишда катта хизмат қилган. Бу ишда С.Оллоберганова, Р.Ҳакимова, Р.Отажонова («Онажон халфа ансамбли» иштирокчилари), Қамбар-бола, Канарак-бола Саидов, Қодирберган Отажонов, Хўдойберган тўқ-тўқ, Гавҳар Матёқубова ва бошқаларнинг хизматлари катта. Хоразм рақс услуби Хоразм вилоят театри, халқ ансамбллари, "Ўзбекрақс" бирлашмаси тасарруфидаги "Лазги" ансамбли фаолиятида давом этиб келмоқда.
Гўзал ўзига хос ажойиб халқ рақси "Лазги" устида алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли. Рақс секин ва оддий ҳаракатлар билан бошланади – олдин бармоқлар, билаклар, елка ва кейин бутун тана жонлана бошлайди. Сўнгра бирданига қўл, оёқ, тана иштирок этадиган мураккаб ҳаракатлар уланиб кетади. Куйнинг бир қисми такрорланган ҳолда рақс ҳаракатлари алмашиб боради. Куй характери ўзгариши ва суръат тезлашиши билан рақс тобора қизғинлаша бориб, кескин ҳолда тамом бўлади. Эркаклар (жанговар, қаҳрамонлик руҳида) ва аёллар (лирик, ҳазиломуз) рақслари билан фарқланади. Ҳозирги даврда Хоразмда лазги рақсининг 9 тури мавжуд: "Қайроқ лазгиси", "Кимнинг севар ёрисан", "Лойиқ", "Сани ўзинг бир ёна", "Гал-гал" ва бошқалар. "Лазги"нинг куй ва усулларидан Ш.Рамазоновнинг "Хоразмча сюита"сида, М.Юсуповнинг "Хоразм қўшиғи" операси ва "Гулсанам" балетида, Б.Гиенконинг "Хоразм мавзуидаги сюита"да, С.Юдаковнинг "Хоразмча байрамона юриш"ида унумли фойдаланишган.