Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Қарсак

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.04.02

 

Ўзбеклар жаҳондаги энг қадимий маданий анъаналарга эга бўлган халқлардан биридир. Халқимиз томонидан асрлар мобайнида яратилиб, сайқал берилган моддий ва маънавий маданият дурдоналарининг илдизлари жуда олис замонларга бориб тақалади. Бадиий салоҳияти ғоят юксаклиги туфайли, жуда қадим замонларданоқ фольклор санъатининг бебаҳо намуналари яратган халқимиз анъанавий маданият ривожида муҳим роль ўйнаган халқ оғзаки бадиий ижодиёти ҳамда маросим қадриятларининг ҳам ижодкори ҳисобланади. Аждодларимиз ўз ота-боболари томонидан яратилган бебаҳо миллий фольклор анъаналарини ўз бадиий тафаккури маҳсули билан бойитиб, янада ривожлантирганлиги учун ҳам ўзбек халқининг миллий анъаналари авлоддан-авлодга ўтиб ва такомиллашиб, ҳозирги кунгача сақланиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, ҳар бир минтақаси ўзига хос тарзда айтим ва чолғу йўллари, рақслари ва локал ижрочилик услубларига эга бўлиб, энг яхши намуналарини кенг кўламда оммалаштиришни тақозо этади. Шулардан бири Зарафшон воҳасида кенг тарқалган қарсакдир.

Қарсак – ўтмишда ўзбек ва тожик халқлари орасида кенг тарқалган қўшиқ жанри, эркаклар ва аёллар давра ўйин-қўшиғи. Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида, айниқса, машҳур. Шеър матнлари сифатида турли мавзудаги халқ сўзлари ва шеърияти қўлланади (аксарияти, тўртликлардан иборат). Куйлари содда, кичик диапазонли, бошланғич оҳанг орқали ривожланади. Куплет шаклида. Характери енғил, жозибали, ўйноқи (ўйин ва рақс ҳаракатлари унга ҳамроқ). Ижро услуби якканавоз-гуруҳ ёки гуруҳ тарзида, доира жўрлигида (қўшиқ куйланишида қарсак ҳам жўр бўлади). Қарсак ҳамда қийқириқ овозлар ёрдамида ўйин усули ҳосил қилинади. Қарсак тўй маросимларида ва оммавий тадбирларда айтилган. Баъзи манба ва тахминларга кўра, келиб чиқиши зардуштийлик маросимларига бориб тақалади. Қарсак қўшиқлари туркум сифатида ҳам айтилган – Як қарсак, Ду қарсак, Се қарсак, Чорқарсак ва Бешқарсак (номлари доира усуллари ва қарсак чалиш услублари билан боғлиқ). Навбат билан туркум тарзида ижро этиладиган ўйин ва терма-қўшиқлари "як қарс", "қўш қарс", "беш қарс"каби усуллардан иборат.

Бешқарсак ўйини яқин ўтмишда қишлоқ жойлардаги тўй ва сайилларда 2-3 соат давом этарди. Ҳозирги кунда қарсак қўшиғи ва қўшиқ туркуми асосан фольклор-этнографик ансамбллари репертуаридан ўрин олган. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги "Бешқарсак" фольклор ансамбли томонидан қарсак қўшиқлари тикланиб, репретуаридан жой олган.

Қарсак – ўзбек халқ ўйини ва рақс туркуми. "Бешқарсак" ва "Майда қарсак" бўлимларидан иборат. "Майда қарсак", ўз навбатида, "Якка қарсак", "Қўш қарсак" ва "Тез қарсак" (ёки "Узма") номли ўйин-рақсларни ўз ичига олади. Унда қарсаклар билан ҳосил қилинадиган усул, байт, бир овозда айтиладиган қўшиқлар ва рақс ҳаракатлари бирлашади. Кўп жойларда ижрочилар ёнма-ён турган ёки ўтирган ҳолда давра ёки ярим давра ҳосил қилиб, ўртадаги ўйинчига ҳамоҳанг бўлиб, усулга мос чайқалиб турадилар. "Майда қарсак" бўлимлари бир-биридан ажратилмасдан яхлит ижро этилади. Ҳар бўлимда ўнлаб халқ куйлари бўлади, бироқ бир хил қарсак усули билан олиб борилади. Иккинчи бўлимга ўтгач, қарсак доира усули ўзгариб, рақс ҳаракатларини янгилайди. "Бешқарсак" ёнма-ён туриб давра ҳосил қилган ҳолда маълум суръат ва усулда (уриладиган беш қарсак (3-1-1) ўйналадиган оммавий рақсдир). Унинг катта давраларида 20 ва ундан ортиқ киши иштирок этади. Улар бир темп (суръат)да қарсак уриб туриш билан бирга у ён-бу ёнга чайқалиб, ўтириб-туриб, букилиб ва айни вақтда ён билан ўнг томонга ҳаракатланиб ўйнайдилар. Ўйинда айтимсимон (декламацион) байтлар ҳам ижро этилади. Даврадаги ўйинчининг ҳаракатлари шиддатли ва жанговар бўлади. У кўпроқ қўл, бел, елка, кўкрак ҳаракатларини ишлатади, юзида сон-саноқсиз ифодалар ҳосил қилади; ҳаракатлар гоҳ букилиб, гоҳ ғоз туриб, гоҳ чўккалаб ўйналади. Баъзан "Беш қарсак"да ичма-ич икки ҳалқа-давра ҳосил қилинган, икки ўйинчи куч синашган. Даврадаги қарсакчилар ҳам, ўйинчилар ҳам биргаликда бадиҳагўйлик қилишган. Қарсак ўйинининг элементлари овчилик ва зардуштийлик билан боғлиқ холда пайдо бўлиб, бора-бора маданийлашган ва базмларда кўрсатиладиган томошага айланган. ХIV – ХVI асрларда у сарой базмларини ҳам безаган. Қарсак ўйин таҳминан ХVIII аср охири–ХIХ аср бошида иккитага бўлиниб кетган: "Майда қарсак" тобора кенгроқ ҳудудни эгаллаб, водий маданиятининг бир қисмига айланиб боради. "Бешқарсак", асосан, тоғли туманларда сақланган. Қарсак ўйини Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида сақланиб келмоқда. Кўп жойларда (Ургут тумани) "Майда қарсак" ўйини ва қўшиқлари бадиий ҳаваскорлик учун ижод ва репертуар манбаидир. Ўзбекистон давлат филармонияси қошида "Баҳор" рақс ва "Шодлик" ашула ва рақс ансамблларининг репертуарларида қарсак ўйин- рақс анъаналари жой олган.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)