Мумтоз ашула ва ялла
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.03.04
Ўзбек мумтоз мусиқасини ташкил этувчи айтим-ашула жанрлар таркибига мумтоз ашула ва мумтоз яллалар киради. Ҳар бири ўзига хос мавқеи, мазмуни, куй-оҳанг тизими, шакли ва ижро услублари билан ажралиб туради.
Мумтоз ашула – лирик характеридаги ривожланган куй ва шаклига эга бўлган йирик айтим-ашула йўли. Ашула мумтоз мусиқанинг етакчи жанрларидан бўлиб, ўзининг куй ривожи, вазмин лирик ёки оғир характери, ҳаяжонли ва дардли мазмуни, диапазон кенглиги, усул-ритмининг сезиларли даражада мураккаблиги ва ижро услуби мукаммаллиги билан ажралиб туради. Шарқ мумтоз (Лутфий, Физулий, Алишер Навоий, Жомий, Ҳазиний, Машраб, Муқимий, Фурқат, Огаҳий, Мунис ва б.) ва ўзбек (Чустий, Собир Абдулла, Пўлат Мўмин, Эркин Воҳидов, Камтар, Нормурод Нарзуллаев ва б.) шоирларнинг аруз вазнида ёзилган ғазал, рубоий, муҳаммаслар ашула жанрида кенг қўлланиб келинган. Фалсафий маънога эга бўлган, шунингдек, алам, айрилиқ ва ҳасратни ифодаловчи ишқий-лирик ва айрим насиҳатгўй мазмун кўпроқ ашула мавзусига хосдир. Ашулада сўз ва куй узвий боғлиқдир, бу ҳолат асарнинг бутун мазмунини, моҳиятини ташкил этади. Чунки ундаги умумий мантиқий боғлиқлик, вазн, қофия, оҳанг, мусиқийлик тингловчига завқ-шавқ уйғотади, ҳаяжонли кайфият пайдо қилади.
Ашула жанр сифатида фольклор ва мумтоз мусиқа ижодиёти кенг тарқалган, аммо шеър матнлари (фольклор намуналарида халқ сўзлари), куй ривожи ва ижро услублари билан ажралиб туради, масалан, "Тановар" – фольклор йўналишида "Қора соч", "Сумбула", "Энди сендек"; мумтоз ашула намуналари "Адолат тановари", "Ёввоий тановар" ва б. (булар бир оҳанг асосида шаклланган).
Мумтоз ашулалар мусиқий матнининг ривожланиши ҳамда куй тузилмаларининг нисбатан давомлироқлиги ва кенгроқ диапазонлиги, баланд авжи мавжудлиги билан халқ ашулаларидан сезиларли даражада фарқланади. Уларнинг ривожланиш жараёни даромаддан бошланиб тобора авжланган ҳолда ривожланади. Шу туфайли ашула шаклидаги асар мумтоз ва бастакорлик ижодиётларида кенг ўрин олган, унинг локал вариантлари мавжуд, жумладан, Бухорода халқ ашула ва муҳаммас, Хоразмда сувора ва нақш, Фарғона водийсида ашула йўллари, катта ашула, ёввоий ашула деб юритилади. Диний ва панд-насиҳат мавзудаги (Машраб, Аҳмад Яссавий, Огаҳий, Ҳазиний, Фурқат, Ҳувайдо, Махтумқули) мумтоз ашула йўллари – муножот, наът, каландар, хонакои, ҳамд, манзума деб юритилади. Бундай ашулалар шаклан ва мазмунан янада мураккаброқ ва мукаммалроқ бўлиб, мумтоз мусиқамизнинг салмоқли қисмини ташкил этади.
Ўзбек бастакорлари ҳам мумтоз ашула жанри асосида асарлар яратганлар. Бу ашулалар якканавоз ижросида, чолғу ансамбли жўрлигида айтилиб келинган. "Тановар", "Муножот", "Гиря", "Адашканман", "Ёлғиз", "Қоматинг", "Қурд", "Ол хабар" каби мумтоз йўлидаги ашулалар, "Куйгай" (Ю.Ражабий), "Сенсан севарим" (О.Ҳотамов), "Найлайин" (Ж.Султонов), "Эй, чеҳраси тобоним" (Ф.Содиқов), "Диёримсан" (К.Жабборов), "Бир ишва билан" (М.Муртазоев), "Гулузорим" ва "Курбон ўлам" (А.Абдурасулов), "Қачон бўлгай" (М.Мирзаев) ва б. Бастакорларнинг ашулалари хонанда (профессионал ва ҳаваскор)лар репертуаридан мустаҳкам ўрин олган. Йирик намояндалар – К.Отаниёзов, Ж.Султонов, М.Узоқов, Ф.Мамадалиев, Р.Мамадалиев, О.Худойшукуров, Ҳ.Болтаев, Б.Довидова, М.Тожибоев, М.Йўлчиева ва б.
Ўзбек ижрочилик амалиётида ашула туркумлари ҳам мавжуд, жумладан, "Тановар I–V", "Каландар I–V", "Эшвой-Эшвой курд-Эшвой туркман", "Каландари-Самандари", "Дилхирож-Синахирож" ва б.
Ялла - кенг тарқалган ашула-рақссимон жанр бўлиб ишқий-лирик мазмуни билан якканавоз (хонанда ёки яллачи) томонидан чолғу ансамбли жўрлигида ижро этилади. Мумтоз яллалар халқ йўлидаги яллаларга нисбатан кенг диапазонли ривожланган куйи, жозибали ва ўйноқи характери билан фарқ қилади. Халқ яллалари тор диапазонли бўлиб, унинг шеърий матнидаги ҳар бир банди (асосан халқ шеърияти қўлланган) ва рақс ҳаракатлари яккахон яллачи, нақорати эса гуруҳ томонидан чолғу жўрлиги (кўпроқ доира ёки дутор)да айтилиб келинган. Ўйноқи характеридаги куй ҳаммани рақсга чорлайди (ялла халқ тилида – бу "ўйнаб куйлаш қўшиғи" маъносини билдиради), жумладан, "Яллама ёрим", "Ҳо-ҳо ялла", "Қизгина" каби халқ яллалари.
Мумтоз яллалар мумтоз шеърият ва ижрочилик маданияти ривожи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тараққий топган (ўзбек мумтоз ва замонавий шоирларнинг шеърлари сўз матни сифатида қўлланган). Ҳар бир яллада шеърлар сони куй ва ҳажмига мутаносиб бўлиб, асарнинг куй тузилиши, ривожи ва шаклини таъминлайди. Куйлари жозибали характерида бўлиб, уларнинг ривожланиши муайян оҳанг, услубан уфар сифат оҳанглар тақрорига асосланган, ўзига хос рақсбоп ўлчовли ритм-усулида айтилади. Яллада зуҳур этилган рақсбоп ҳолати мусиқий омиллар воситасида яна ҳам ёрқин тус олган, унинг жонли ва рақсбоп усули ўзига хосликни таъминлайди. Яллаларнинг таъсирчанлиги – ҳамма воситаларни бир-бири билан чамбарчас ҳолда маҳорат ва хушкайфият билан ижро этилишидадур. Мумтоз яллалар якканавоз тарзида чолғу ансамбли жўрлигида айтилган; мумтоз ва бастакорлик ижодиётида кенг ўрин олган. Ўзбек ижрочилик санъатида Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров каби хонандалар репертуарларида яллалар салмоқли ўрин олиб, кенг омма орасида тарғиб этилган, жумладан, "Қалам қошлигинг" (ёки "Жонон бўламан"), "Мустаҳзод" (М.Ҳарратов ижоди), "Доғман", "Суратинг", "Парво этиб кет", "Якка бу Фарғонада", "Кўзларинг" (М.Мирзаев ижоди) ва б. Наманганда ялла туркум (Катта ялла ва кичик ялла)лари мавжуд бўлиб, яллачи аёллар томонидан доира жўрлигида тўй маросимлари ва базмларда ижро этилган. Ижрочилик амалиётида ашула ва ялла туркумлари ҳам мавжуд, жумладан, "Ёр истаб" ва "Мустаҳзод", "Фарғона рубойиси" ва б. Ҳозирги кунда яллалар эстрада йўналишида ҳам ижро этилмоқда. Ҳамма хонандалар репертурадан мумтоз ашула ва мумтоз ялла кенг ўрин олган.