Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Катта ашула

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.03.01

 

Катта ашула ёки патнис ашула – Фарғона водийсига хос йирик ашула йўли ҳамда ўзига хос ижро услуби ва усули. Икки ёки ундан ортиқ (бештагача) етук хонанда томонидан чолғу жўрлигисиз галма-гал айтилади. Унинг асосий хусусиятлари бадиҳагўйлик, ҳамнафаслик, юқори пардаларда, кенг нафасда ижро этилиши, эркин услубда куйланиши, сўз ва куй мутаносиблиги, профессионалликдир. Баланд пардаларда ижро этилиши, катта авжлар мавжудлиги, сўзларнинг тингловчиларга равон етиб бориши ва таъсирчанлиги катта ашулага хос.

Катта ашула ижрочидан зўр қобилият ва маҳорат, шунингдек, сўз бўғинларига эҳтиёт бўлишни, шеърнинг маъносини тингловчиларга тўла етказишни талаб қилади. Катта ашула қадимий маросим ва меҳнат қўшиқлари, марсия, навҳа, аёлғу қўшиқлари ҳамда аруз вазнидаги ғазалларнинг қадимий ўқилиш услублари, айтим ижрочилик маданиятининг юксалиши заминида ўрта асрларда вужудга келган. Унинг ўтмишдаги намуналарида лирик ва насиҳатомуз ғазаллар билан бир қаторда диний, тасаввуфий йўналишдаги шеърлар ҳам куйланади. А.Навоий, Лутфий, Машраб, Ҳазиний, Муқимий, Фурқат, Завқий, Мискин ва бошқаларнинг ғазаллари катта ашула жанрида алоҳида ўрин олган. ХХ асрдан бошлаб замонавий ўзбек шоир(Собир Абдулла, Чархий, Чустий, Акмал Пўлат, Ҳабибий ва б.)ларнинг шеърлари ва ҳалқ шеърияти ҳам қўлланилади. Мавзуи жиҳатидан катта ашула ишқий-лирик, фалсафий, диний ва замонавийларга бўлинади. Катта ашулада сўз куй билан бир усулда "нафас" олади. Шу боис шеър ва куй бир-бирига шу қадар уйғунлашиб, бир-бирига сингиб кетганки, ўзини алоҳида эшитганда шеърни ҳам тинглаётгандек бўласиз. Катта ашула қадимий маросим ва меҳнат қўшиқлари, марсия, навҳа, аёлғу қўшиқлари ҳамда аруз вазнидаги ғазалларнинг ўзига хос ўқилиш услублари заминида вужудга келган. Бу ашулалар баланд пардаларда ижро этилиши, кўтаринки мавзудаги шеърларни қўлланиши ҳамда катта йиғинларда, сайилларда, тўй-томоша ва очиқ ҳавода айтилиши туфайли улар "катта ашула" деб аталади.

Katta ashula medium 2Катта ашула халқ орасида "ашулаи калон", "катта ялла", "ҳаққоний ашула" номлари билан юритилган. Унинг иккинчи номи патнис ёки патнусаки ашула ҳамда ликобча ашула деб аталган. Ашулани ҳофизлар қўлларига патнис ёки ликобча ушлаб, ҳаракатлартиришади (овозларни тингловчига йўналтириш, ўзлари эшитиш ҳамда уни силкитиш орқали овоз безағига ёрдам бериш ҳолда). Катта ашуланинг ривожланиш жараёнида унинг жанрлар таркиби шаклланди: анъанавий – икки ҳофиз томонидан айтилиши (Бир келсун, Оҳ ким, Эй, дилбари жонон); "ёввоий мақом" – мақом шўъбалари эркин услубда жўрсиз талқин этилиши (Ёввоий Ушшоқ, Ёввоий Чоргоҳ, Патнусаки Сегоҳ); "ёввоий ашула" – оммабоп ашула йўллари эркин услубда куйланиши (Ёввоий тановар, Ёввоий муножот); "яккахонлик" ёки ашула-чолғу йўли – якка ижрода чолғу ансамбли (иккинчи хонанда вазифаси) жўрлигида (Ж.Султонов томонидан ижод этилган "Оҳ ким", "Гулизорим қани", "Ёлғиз", "Топмадим"); чолғу йўли – яккасоз най, сурнай, танбур, ғижжак учун (Ёввоий Чоргоҳ). ХХ асрдан эркак хонандалардан ташқари аёллар ҳам катта ашулани ижро этишган (Халима Носирова, Фотима Боруҳова, Зайнаб Полвонова).

Катта ашуланинг ижрочилик маданияти юксалишида унинг ўзига хос ижрочилик мактаблари шаклланди – қўқон (Эрка қори Каримов, Шерқўзи Бойқўзиев, Ҳамроқул қори, Мелиқўзи Юсупов, Турдиали Эргашев, Расулқори Мамадалиев), марғилон (Мамадбува Саттаров, Болтабой Ражабов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Турдиали Шарипов раҳбарлигидаги "Чоргоҳ" гуруҳи), андижон (Фаттоҳхон Мамадалиев, Одилжон Юсупов, Саиднаби Саидназаров, Жўрахон ва Эргашвой Юсуповлар, Хуршид Ҳасанов), наманган (Маллабой Ҳамидов, Абдулла Ғозиев, Иброҳим Исоқов), тошкент (Акбар қори ва Эшмат Ҳайдаровлар, Очилхон Отахонов, Ориф Алимахсумов, Маҳмуд Тожибоев, Муножот Йўлчиева, Бекназар Дўстмуродов, Абдунаби Иброҳимов, Соибжон Ниёзов, Дилнура Қодирқулова, Нодира Пирматова). Катта ашула нафақат анъанавий "устоз-шогирд" мактаб (Андижон, Қўқон, Марғилон)лари, балки замонавий мусиқа таълими тизими (академик лицей, санъат коллежлари ва консерватория) орқали ўзлаштирилмоқда. Катта ашула анъаналарини сақлашда илмий тадқиқотлар, нашр (китоб ва тўплам)лар, аудио ва видео ёзувлар, фильмлар, телекўрсатувлар, танловлар, айниқса, ёшлар орасида кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

Катта ашула ижрочилари VII-чи Халқаро Мусиқа Конгресси (Москва, 1971), IV-чи Осиё Мусиқали Минбари (Филиппини, 1976), Европа фольклор фестивали (1985), АҚШ мусиқа фольклор фестивали (1987), "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали (Самарқанд, 1997-2015), "Асрлар садоси" Анъанавий маданият фестивали (Ўзбекистон, 2008-2013) каби йирик анжуманларда, Наврўз ва Мустақиллик умумхалқ байрамларида ўз ижрочилик маҳоратлари намойиш этмоқдалар. 1984 йилдан бошлаб республика миқёсида мунтазам равишда катта ашула ижрочилари танловлари ўтказилмоқда (2013 йили Тошкент вилоятда бўлиб ўтди). Катта ашулани муҳофаза қилиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича таржиба лойиҳаси АССU ЮНЕСКОнинг (Япония) Олтин медали билан тақдирланди. Катта ашула 2009 йилда ЮНЕСКОнинг "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)