БАХШИЧИЛИК САНЪАТИ
Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.02
Достон ўзбек халқининг кенг тарқалган ва йирик жанрларидан биридир. Унинг яратилиши халқимизнинг маънавий-маиший қиёфаси, ижтимоий-сиёсий курашлари, ахлоқий-эстетик қарашлари, адолат ва ҳаққоният, озодлик ва тенглик, қаҳрамонлик ва ватанпарварлик ҳақидаги идеаллари билан чамбарчас боғлиқдир.
Достон мураккаб санъат асари бўлиб, унинг достон бўлиши учун адабий матн, шеър, мусиқа, айтим йўли лозим, шу туфайли достон ижрочиси – бахши-шоир (достончи, жиров, юзбоши, санновчи, бакси) бир вақтида бадиҳагўй ҳикоячи, шоир, овозга эга бўлган хонанда, мохир созанда ва маълум даражада актерлик маҳоратидан хабардор бўлган санъаткордир. Чунки у ўзининг санъати билан тингловчини ром этиб, унга завқ-шавқ бахшида этади.
Бахши – терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Бахши халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор чолғу чалишни билиши, хонандалик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим. Тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтишнинг асосий талабларидан. Бу эса, ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади. Она юртга садоқат, муҳаббат, дўстлик, биродарлик, қаҳрамонликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достонларни бахшилар севиб куйлайдилар. Бахшилар томонидан ижрочилик ижоди бахшичилик санъати дейилади. Масалан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча назм қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Қодир бахши Раҳимов бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.
Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Жумладан, Булунғур достончилик мактаби азалдан қаҳрамонлик достонларини ижро этиб келгани билан машҳур. Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Пўлкан шоирлар номи билан боғлиқ бўлган Қўрғон достончилик мактабида, асосан, лирик ишқий қиссалар куйланади.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда терма-қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Қашқадарё бахшичилик санъати етук достон ижрочиси бўлмиш, Қодир бахши Раҳимов номи билан боғлиқ. Унинг хотираси етмишдан ортик достонлар сақланган. Ҳозирги кунда Қодир бахши анъаналарини унинг ўғиллари, Абдуқаҳҳор, Абдумўмин ва Бахромлар давом этмоқдалар. Сурхондарё бахшичилиги Шеробод-Бойсун мактаби билан боғлиқ ва унинг асосчиси Шерна бахши бўлган, унинг анъаналарини шогирд (Қора бахши, Чори бахши, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов ва б.)лари ҳозирги кунда давом этмоқдалар.
Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида асосан мусиқа етакчилик қилади. Хоразм бахшичилик мактаби вакиллари чолғу ансамбли (таркибида дутор, буламан, ғижжак (ўтмишда); ҳозир - тор, қўшнай ёки буламан, доира) жўрлигида ички овозда қўшиқ-ашула ижро этиб достонларга таъриф берадилар. Хоразм достончилиги репертуар таркиби жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Эпик асарларни талқин этишда жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. "Ширвоний" (Хива) ва "Ироний" (Манғит) номли иккита йўналишга бўлинадиган ушбу мактаб қадимги илдизларга эга, ўзига хос репертуари, ансамбллар таркиби (Ширвоний – тор, қўшнай, доира; Эроний – дутор ва уч торли ғижжак),услуб ва лаҳжа, ёрқин ва жонлантирувчи қўшиқ, ашула ва оҳанг (15тадан то 36 гача)ларга эга. Ширвоний бахшичилик мактабининг етакчи намояндаси Бола бахши (Курбонназар) Абдуллаев ва унинг болалари (Норбек, Мухаммад, Етмишбой); Эроний бахшичилик мактаби намояндаси Худойберган Утегенов. Хоразмда аёллар ижросида ҳам достонлар ва достон терма-қўшиқлари айтилган, уларни халфа-достончи деб аташган, жумладан, "Тоҳир ва Зуҳра" достони халфалар орасида оммалашиб кетган. Достонлар қўл соз (рус диатоник гармони) ва доира жўрлигида ижро этилган.
Қорақалпоқ бахшичилик мактаби иккита йўналишдан иборат – бакси (ички овоз услуби дутор ва ғижжак жўрнавозлида) ва жиров (бўғиқ овоз услубида қўбиз жўрлигида). Бахшичилик санъати Нукус санъат ва маданият коллежида ёш ижрочилар томонидан ўзлаштирилмоқда. Анъана намояндалари – баксилик бўйича Қайратдин Утемуротов, Ўралбой Ўтамбетов, Тенгелбой Каллыев, Зиёда Шарипова, Гулбахор Раметова, Гулнур Ҳамитова, Замира Иброҳимова; жировчилик бўйича Жумабой жиров, Бакберген Сырымбетов, Жонибек Пиязов, Бахтиёр Есемуратов ва б.
Ёш авлодни миллий қадриятларимизга содиқ руҳда тарбиялашда эзгуликка чорлайдиган, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларининг ва умуман бахшичилик санъатининг ўрни беқиёс. ХХ асрнинг 70-чи йилларидан бошлаб Ўзбекистонда мунтазам равишда бахши-шоирлар кўрик танловлари. 1999 йилдан бахши-шоир ва оқинлар Халқаро танловлари, Қашқадарёнинг Китоб шаҳрида ёш бахшилар кўрик-танловлари ўтказилмоқда. Бахшичилик санъати таълим тизимининг ўқув жараёнига киритилган. Шунинг учун ҳам кўп сонли мусиқа ва санъат мактаблари, коллежлар, лицейлар ва олий таълим муассасаларида ушбу йўналишдаги ишлар олиб борилмоқда.