Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Феруз

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.01.05

 

Феруз (тош иқболи маъноси) - Хоразмда кенг тарқалган ва машҳур ашула йўллари. Беш қисмли ашула йўли туркуми: Феруз 1-5. Хоразм мақомлари туркумининг "Наво" ва "Сегоҳ" мақом шўъбалари асосида юзага келган. Лекин улар мақомлар доирасидан ташқари турса ҳам, салоҳияти асло кам эмас. Ферузлар ўзининг куйи, тик авжлари ва уларнинг ижросидаги қочиримлари билан Хоразм услубини белгиловчи ашула йўллари ҳисобланади.

ХIХ асрнинг бошида Муҳаммад Раҳимхон I Аввал (1807-1826) даврида юзага келган ва Хоразм мумтоз ашулалари орасида "Феруз" деб ном олган беназир намуналаридир. Айниқса, Феруз 1 ва Феруз 2 ашулалари ўз даврида халқ оғзига тушиб, зиёфатларнинг кўркига айланиб кетган. Шу боис халқ орасида бирини "тилло узук" деб, иккинчисини унга "гавҳар қошдек" ярашиб келибди дейишган, сабаби бир-биридан гўзал ва афзал Ферузлар дунёга келди. Кейинчалик савт ва уфар шакллари негизида янги Ферузлар юзага келиб, ашула туркуми сифатида оммалашган. Манбаларга кўра куйлари ва шеърлари муаллифи таниқли шоир ва бастакор Феруз бўлган.

"Феруз" тахаллуси Хива хонлиги ҳукмрони бўлмиш Муҳаммад Раҳимхон II Сонийга (1864-1910) тегишли. Муҳаммад Раҳимхон Соний мусиқий илмга ғоят ҳавасли бўлиб, мусиқий ишларни олдинги замонлардан кўра янада юксак даражада ривожланишига даъват этди. Бунинг натижасида Хоразмда мислсиз бир мусиқий қайта уйғониш юзага келдики, муҳташам мақом анъаналарининг ривожи давлат аҳамияти даражасига кўтарилди. Мусиқа ва шеърият кечаларини ўтказиш Муҳаммад Раҳимхон Сонийнинг доимий одатига айланган эди. Унинг ташаббуси билан Хоразм танбур ва дутор мақомлари махсус "танбур чизиғи" орқали ёзиб олинди ва амалиётда қўлланиб келинди. Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи турли соҳаларда илм олган, истеъдодли шоир ҳамда созандачилик (танбур ва дутор) санъатининг оташин мухлиси сифатида гавдаланади. У яратган чолғу куйлари Хоразм мақомларининг Чертим йўллари таркиби (Муҳаммаси Феруз, Мусаддаси Феруз ва б.)га кирган; унинг шеърлари заминида кўпгина ашула йўллари (сувора, нақш)ижод этилган.

Feruz medium 2Ўтмишда Ферузлар "Эски Феруз" деб номланган ва уларда Феруз шеърлари қўлланган, жумладан, "Феруз 2" олдин Феруз ғазали "Базмга келди ул пари..."га солиб айтилган. Кейинчалик хоннинг ўзи ушбу Ферузни устоз Огаҳийнинг "Мушкин қошингни ҳайъати, ул чашми жаллод устина" ғазали билан айтилишини амир этган. Феруз 2 "Эски Феруз" (Феруз 1)га нисбатан ҳажман йирик, мақом ашула йўли шаклида, авжлари баланд (Намуди Наво ва Намуди Муҳайяри Чоргоҳ). Феруз 1 Огаҳийнинг "Ваҳ, не балодир билмадим, эй дилрабо, қошу кўзинг" ғазалига боғланган. Куйи Хоразм достон оҳангларидан "Нолиш"нинг чолғу муқаддимаси услубида. Иккала Феруз уч чоракли ўлчовда ривожланган, Хоразмга хос "Зарбул қадим" усулида ижро этилади. Туркумдаги кейинги Ферузлар савт ва уфар шакл ва усулларида; улар ҳам мураккаб ва мукаммал куй тузилишига эга. Характерлари шўхчан, жўшқин ва жозибалироқ, доира усуллари шиддатли. Мазкур савтлар Муҳаммад Раҳимхон Соний сарой мақомчиси Матёқуб Позачи (Матёқуб Ҳаррат) ижодига мансуб. Феруз туркумининг ижроси ҳар бир хонандадан овоз маҳоратини талаб этади. Феруз ашула туркуми тўлиқ равишда Ҳожихон Болтаев репертуаридан ўрин олган. Феруз 1-2 кўпгина хонандалар томонидан талқин этилган, жумладан, Таваккал Қодиров жуда маромига етказиб ижро этилган.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)