Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Дутор ва сурнай мақом йўллари

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.01.04

 

Дутор (форсча - икки тор) – торли чертим мусиқа чолғуси, Марказий Осиё халқ (ўзбек, тожик, уйғур, туркман, қорақалпоқ)лари маданиятида кенг тарқалган. Ўзбек дутори мулойим, нафис ва ширали овози билан бошқа чолғулардан ажралиб туради.

Дуторнинг узун ва ингичка дастасига 13-17-та парда боғланади. Торлари иккита, ипак ипларидан ясалган. Ўзбекистонда дуторнинг локал турлари мавжуд – хоразм, фарғона, тошкент, бухоро, бойсун, қорақалпоқ, қашқар каби дуторлар (улар узунлиги, косахона, пардалар сони, торлари билан ажралиб туради). Ўзбек дуторлари Тановар (кварта), Муножот (квинта), Қўштор (унисон) созларига созланади. Анъанавий ижрочилик санъатида дутор ижрочилиги етакчи ўрин эгаллаган (кўпроқ аёллар орасида).

ХХ асрда Ўзбекистонда бир неча дутор ижрочилиги мактаблари ўзига хос мавқеи, услублари ва намояндалари билан машҳур бўлган (Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Хоразм). Дутор тарғиботчилари орасида М.Нажмиддинов, О.Рустамов, Қ.Мадраҳимов, А.Ваҳобов, Ф.Содиқов, М.Юнусов, Т.Алиматов, З.Обидов, О.Қосимов, А.Абдурасулов, С.Юсупов, Н.Болтаев, Шерозий, Н.Қулабдуллаев, А.Ҳамидов, М.Зиёева ва б. Дутор халқ ва мумтоз чолғу куйлари ва туркумлари ижро этилган, жумладан, Шашмақомнинг чолғу ва ашула йўллари, Фарғона-Тошкент мақом чолғу йўллари.

Хоразмда дутор мақом туркумлари ХIХ-ХХ асрларда кенг тарқалган бўлиб, "Хоразм танбур чизиғи"да олтита дутор мақоми – Зиҳий Наззора-Урганжий, Мискин, Раҳовий, Ироқий, Охёр, Чоки Гирибонлар ва уларнинг туркумий қисмлари ёзиб олинган. Манбаларга кўра (Хоразм мусиқий тарихчаси) ва амалиётда сақланган дутор мақом туркумларининг 11-таси келтирилада, ҳар бирининг таркибида 2-дан то 7-тагача қисмлари мавжуд – Ироқ, Чапандоз, Мўғилча, Навоий, Садри Ироқ, Ровий, Орази бом, Ташниз, Мажнун Дали, Охёр, Мискин, жумладан, Зиҳий Наззора-Урганжий мақоми таркибида – Зиҳий Наззора, Талқини Зиҳий Наззора, Таржиъбанди Зиҳий Наззора, Қаддим хамлиқи, Талқини Урганжий, Нақши Талқини Урганжий, Ийфори Талқини Урганжиий ёки Мискин мақом туркуми таркиби – Мискин, Талқини Мискин, Нақши Мискин, Ийфори Мискин (Ийфори – уфар маъносида). Ҳар бир мақом туркуми ўзига хос куйи, шакли, усуллари, куй ривожи, шеърий матнлари ва ижро услублари билан ажралиб туради. Дутор ёшлар орасида кенг тарқалган чолғу бўлиб, республика миқёсида дутор ижрочилиги бўйича танловлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Дутор ижрочилиги ва дутор мақом йўллари олий ва ўрта махсус ҳамда мусиқа мактаблари ўқув жараёнига киритилган, шу туфайли дастурлар ва ўқув қўлланмалар амалиётда жорий этилган.

 

Dutar surnay maqom cycles medium 2Сурнай – пуфлама-дамли мусиқа чолғуси, Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари маданиятида кенг тарқалган (сурнай, сырней, зурна ва ҳ.). Ўзбекистонда сурнай, метар, буламан номлари билан ҳамма ҳудудларда тарқалган. Овози анча кучли, баланд, диапазони икки октавадан кенг. Сурнайнинг икки тури тарқалган – Фарғона-Тошкент (мензураси кенгроқ, товуши майин ва нолали) ва Хоразм (мензураси нисбатан торлигидан товуши кескин ва чийилдоқ). Хоразмда сурнайдан ташқари буламан (кичик сурнайсимон) чолғуси тарқалган). Сурхондарёда сурнайнинг хили метар мавжуд. Сурнай ҳамда карнай, доира, ноғора чолғулари билан анъанавий байрамона-маросим ансамблни ташкил этади. Улар, асосан, очиқ ҳаво (майдон,кўча,ҳовлилар)да халқ сайиллари, байрамлари, тўй маросимлари, кўча томошалари (дорбозлар, қўғирчоқбозлар ва ҳ.)га жўр бўлган ҳолда амалий характер касб этади (сурнай ижрочилиги эркакларга мансуб). Сурнай дамли чолғу бўлиб, узликсиз нафас (қайтарма нафас ёки дам айлантириш Хоразмда) орқали ўзига хос ижро услублари ва усуллари билан ажралиб туради (шу туфайли Фарғона-Тошкент ва Хоразм услублари деб аталади). Халқ ва мумтоз чолғу йўллари ва туркумлари унинг репертуарини ташкил қилади. Айниқса, мақом чолғу йўллари сурнай ижрочилигида ҳам ўрин олган. Хоразмда машҳур бўлган "Хон чиқар" куйи сурнайчилар (таркибида сурнай ва буламан чолғулари) ансамбли томонидан ижро этилган бўлиб, унинг негизи Хоразм Наво мақомининг Сақили асосида шаклланган.

Фарғона водийсида сурнай мақом чолғу йўллари оммалашган бўлиб, тўй маросимлари ва халқ шодиёналарида сурнай чолғусида махсус ижро этилган. Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ, Уззол, Дугоҳи Ҳусайний, Мустахзод, Чоргоҳ, Яккахонлик, Беги Султон каби чолғу йўллари сурнай чолғусида талқин этилиб, ўзбек халқи орасида жуда ҳам машхурдир. Уларнинг ижодкорлари ўзбек бастакорлари ва етук сурнайчи-созандалари бўлишган. Сурнай мақом чолғу йўллари алоҳида асар ва туркум сифатида ижро қилинган – булар "Сурнай Навоси", "Сурнай Дугоҳи", "Бузрук – Бузрук савти", "Наво – Наво савти - Наво чархи 1-2", "Дугоҳ – Дугоҳ Ҳусайний – Дугоҳ уфари", "Сурнай Уззоли – Уззол савти – Уззол уфари", "Ироқ – Ироқ уфари – Ироқ дучаваси" ва б. Куй тузилиши ва ривожи, усуллар, шакли Шашмақом шўъбаларига ўхшаш, аммо Фарғона водийсига хос мусиқий анъаналарида ва сурнай услубларида ижро қилинади.

Сурнай чолғу ва сурнай мақом чолғу йўлларини тарғиб этишда Тошкент, Хоразм ва Фарғона водийси созанда-сурнайчиларининг хизматлари катта аҳамият касб этган. Йирик намояндалари орасида Рустам мехтар, Ашурали мехтар, Хамроқул буламан, Ахмаджон Умурзоқов, Худойберган Қурбон ўғли, Абдукаюм ота Азимов, Қодирбой Бобожонов, Йўлдош Тожиев, Ашурали Юсупов, Ахмаджон Хожибоев, Матрасул Матёқубов ва б.

Сурнай ижрочилиги олий ва ўрта махсус мусиқа ўқув муассасалари ўқув жараёнига киритилган (талаба сурнай билан бир вақтида кўшнай ва буламан ижрочилигини ҳам ўзлаштиради), шу туфайли дастурлар ва ўқув қўлланмалар амалиётда жорий қилинган. Республика миқёсида мунтазам равишда сурнай ижрочилиги бўйича танловлар ўтказилмоқда.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)