Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Фарғона-Тошкент мақомлари

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.01.03

 

Фарғона-Тошкент мақомлари – Ўзбекистонда мақомчилик санъатининг яна бир асосий туркумини ташкил этади. Фарғона водийсида ХIХ-ХХ асрларда кенг тарқалган туркумли (Фарғона-Тошкент мақомлари) ва туркумсиз (Фарғона-Тошкент мақом йўллари) ашула ва чолғу мақом йўллари бўлиб, улар воҳа мумтоз мусиқа меросида етакчи ўринларни эгаллаб, Шашмақом шуъбалари негизида ва маҳаллий ижрочилик анъаналари билан суғорилган. Фарғона-Тошкент мақомлари - Тошкент ва Фарғона водийси мусиқа маданиятида юзага келган мақом намуналарининг умумлашма номи.

Шашмақом ва Хоразм мақомлари туркумларидан фарқли ўлароқ, катта ва кичик туркумга эга бўлган Фарғона-Тошкент мақом ашула ва чолғу йўллари Шашмақом таркибидаги бир қатор шўъба (сарахбор, савт, қашқарча, соқийнома, уфар)ларга яқиндир (уларнинг оҳанги, куй ҳаракати, шакли, усулларига ўхшаш). Улар 3, 5 ва 7 қисмли туркумларни ташкил этади; ҳар бири маълум шоҳобчаларга эга ҳамда сонлар воситаси билан бир-биридан ажратилади.

Фарғона-Тошкент мақом чолғу туркумлари – 3 қисмли "Мушкилоти Дугоҳ", "Ходжиниёз", "Ажам тароналари"; 5 қисмли "Чоргоҳ", "Насрулло", "Муножот"; 7 қисмли "Мискин". Фарғона-Тошкент мақом ашула туркумлари - 3 қисмли "Насруллоий"; 5 қисмли "Чоргоҳ", "Баёт", "Баёт Шерозий", "Шаҳноз-Гулёр"; 7 қисмли "Дугоҳ-Ҳусайний". Чолғу йўллари яккасоз ёки чолғу ансамбли ижросида, ашула йўллари эса хонанда ва чолғу ансамбли жўрнавозлигида талқин этилади. Айрим ҳолларда таркибий қисмларнинг махсус номлари ҳам учрайди, жумладан, "Шаҳноз-Гулёр" мақоми туркумида - 1 қисм "Гулёр", 2 – "Шаҳноз", 3 – "Чапандози Гулёр", 4 – "Ушшоқ", 5 - "Гулёр уфари"; "Мискин" туркумининг 3 қисми "Адоий", 4 қисми "Асирий"; ёки "Насрулло" туркумининг 2 қисми "Чапандоз", 3 – "Қашқарча", 4 – "Тарона", 5 – "Уфар" деб номланади.

Фарғона-Тошкент мақом туркумларидан ташқари алоҳида мақом чолғу ва мақом ашула йўллари етук созанда ва бастакорлар томонидан Фарғона водийсига хос ашула, катта ашула ва чолғу йўллари асосида Шашмақом шўъба ва шоҳобчалари мутаносиблигида юзага келган, жумладан, "Чўли Ироқ", "Тошкент Ироғи", "Қўқон Ироғи", "Ёввоий Чоргоҳ", "Ёввоий Ушшоқ", "Ёввоий Тановар", "Сегоҳ", "Самарқанд ёки Ҳожи Абдулазиз Ушшоқи", "Тошкент ёки Мулла Тўйчи Ушшоқи", "Хўжанд ёки Содирхон ҳофиз Ушшоқи" ва ҳ. Булардан ташқари Фарғона-Тошкент мақом сурнай йўллари ҳам ташкил топган, масалан, "Наво", "Сурнай Дугоҳи", "Сурнай Ироқи", "Яккахонлик", "Беги Султон" ва б. Фарғона-Тошкент мақом йўллари нафақат шаҳар маданияти ёки хон саройларида, балки халқ ҳаёти билан боғлиқ турли вазият ва шароитлар (тўй маросими ва базми, дорбозлар ўйини, сайил ва байрамлар)да ҳам ижро этилган. Ушбу мақом йўлларида Фарғона-Тошкент мусиқий анъаналари ва ижро услубларига хос мумтоз ашула, ялла, катта Бу ҳолат уларнинг мусиқий тилини халқчиллиги ва нисбатан шеваси оммавий эканлиги, халқ орасида машҳур бўлиши сабабларидан биридир.

Фарғона-Тошкент мақомлари Шашмақом ашула бўлимининг шўъбаларининг оҳанг, усул ва шакллари таркибида шаклланган ва ашула йўлининг ҳаракати асосида ривож топган (шеърий матнлари сифатида мумтоз шоирлар – Саккокий, Навоий, Бобур, Увайсий, Нодира, Зебуннисо, Амирий, Муқимий, Фурқат ва б.нинг ғазаллари қўлланган). Баёт, Чоргоҳ ва Дугоҳ-Хусайний мақомлари Шашмақомнинг шу номлар билан аталган шўъбалари (Наво ва Дугоҳ мақомлари), Шаҳноз-Гулёр эса турли мақом шўъбалари (Сегох ва Рост мақомлари) асосида юзага келган. Ушбу мақом ўз тузилиши жиҳатидан бошқа туркумлардан тубдан фарқ қилади. Унинг шоҳобчалари мазмунан ва услубан анча мураккаб, оригинал ашула мақом йўллари бўлиб, жозибали, ёқимли ҳам таъсирчан оҳангларга бой.
ХХ асрда ўзбек бастакорлари томонидан мақом йўлларининг янги вариантлари юзага келган, жумладан, Чоргоҳ 6 ва Дугоҳ-Ҳусайний 8 Юнус Ражабий ижодига мансуб; беш қисмли Насруллоий (ашула ва чолғу) туркуми, Мискин чолғу туркуми асосида етти қисмли Мискин ашула туркуми (Муқимий ғазаллари), Ушшоқ асосида Ушшоқ ашула туркуми – Қадимий Ушшоқ, Зикру Ушшоқ, Умрзоқ Полвон Ушшоқи, Фаттоҳхон Ушшоқи каби ашула йўлларидан иборат таниқли хонанда ва бастакор Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан ижод ва талқин этилган. Халқ орасида Расулқори Ушшоқи, Орифхон Ушшоқи каби асарлар ҳам кенг тарқалган.

Фарғона-Тошкент мақомлари ва мақом йўллари В.Успенский, В.Беляев, Юнус Ражабий томонларидан ёзиб олинган ва турли йилларида нашр этилган (Ўзбек халқ қўшиқлари. 1-2 китоблар. Тошкент, 1939; Ўзбек халқ мусиқаси. 1-4 жилдлари. Тошкент, 1955-1958; Ўзбек мақомлари. Тошкент, 2007). Нафақат анъанавий "устоз-шогирд" мактаблари, балки янги мусиқа таълими тизими (санъат коллежлари ва консерватория ҳамда мусиқа мактаблари) орқали ўзлаштирилмоқда. Фарғона-Тошкент мақомларини тарғиб этишда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Содирхон ҳофиз Бобошарифов, Юнус Ражабий, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умрзоқов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Расулқори Мамадалиев, Шожалил ва Шораҳим Шоумаровлар, Шоқосим, Шоолим ва Шоакбар Шожалиловлар, Орифхон Ҳотамов, Имомжон Икромов, Ориф Алимахсумов, Ортиқҳўжа Имомхўжаев, Халима Носирова, Саодат Қобулова, Таваккал Қодиров, Камолиддин Рахимов, Очилхон Отахонов, Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиева ва б. мақом йўлларини янада бойитиб, ёшлар орасида тарғиб этишда катта ҳисса қўшганлар. Фарғона-Тошкент мақом йўллари Халқаро ва Республика миқёсидаги ёш мақом ижрочилари ва мақом ансамбллари танловлари дастуридан ўрин олган.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)