Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Мақол ва маталлар

Соҳа: Ўзликни намоён этишнинг оғзаки шакл ва анъаналари
Тартиб рақами: 01.04

 

Мақол — халқ оғзаки ижоди жанри; қисқа ва лўнда, образли, грамматик ва мантиқий тугал маъноли ҳикматли ибора, чуқур мазмунли гап. Нутқда кенг қўлланувчи муайян, барқарор ритмик шаклга эга бўлиб, улар халқнинг кўп асрлик ҳаётий тажрибалари асосида юзага келгаи. Мақолларда авлод аждодларимизнинг ҳаётий кузатишлари, жамиятга муносабати, тарихи, руҳий ҳолати, этик ва эстетик туйғулари, ижобий фазилатлари мужассамлашган. Асрлар мобайнида халқ орасида сайқалланиб, ихчам ва содда поэтик шаклга келган.

Мақол ўз табиатига кўра, оғзаки ёки ёзма нутқда кўчма ёки ўз маъносида қўлланилишими мумкин. Айрим мақоллар эса фақат кўчма маънода («Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди», «Қуруқ қошиқ оғиз йиртар»), баъзан ўз маъносида («Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас») ишлатилади.

Мақоллар мавзу жиҳатдан ниҳоятда бой ва хилма-хил. Ватан, меҳнат, илм-ҳунар, дўстлик, аҳиллик, донолик, ҳушёрлик, тил ва нутқ маданияти, севги ва муҳаббат каби мавзуларда, шунингдек, салбий хислатлар хусусида ранг баранг мақоллар яратилган. Мақол учун мазмун ва шаклнинг диалектик бирлиги, кўп ҳолларда қофиядошлик, баъзан кўп маънолилик, мажозий маъноларга бойлик каби хусусиятлар ҳарактерли. Мақолда антитеза ҳодисаси кўп уч райди (масалан, «Каттага ҳурматда бўл, кичикка иззатда бўл» ва бошқалар). Мақоллар насрий ва шеърий шаклда бўлади. «Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат» каби мақоллар насрда бўлсада уларда ҳам поэтик оҳанг сезилиб туради: «Элга берсанг ошингни, Эрлар силар бошингни. Итга берсанг ошингни, Итлар ғажир бошингни», каби шеърий мақолларда эса худди шеърдаги каби ички оҳанг, қофияга эга бўлади.

Туркий халқларнинг мақолларидан намуналар дастлаб Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида келтирилган. Бу Мақолларнинг бир қанчаси ҳозир хам ўзбек халқи орасида турли вариантларда ишлатилади. Масалан, Маҳмуд Кошғарий асарида келган «Киши оласи ичтин, йилқи оласи таштин» мақоли бугунги кунда «Одам оласи ичида, мол оласи ташида» шаклида қўлланилади.Мақол баъзан масал, зарбулмасал, нақл, ҳикмат, ҳикматли сўз, танбеҳ, машойихлар сўзи, ҳикматли мақол, донишмандлар сўзи, оталар сўзи каби номлар билан ҳам юритилади. Мақолларнинг ижтимоий сиёсий ва тарбиявий аҳамияти ғоят катта.

 

Матал − фольклор атамаси. У ёки бу ҳаётий воқеликка эмоционал-экспрессив тус берувчи, халқ орасида тарқалган ифодалар, халқ оғзаки ижоди жанрларидан бири. Маталда нарса тасвири, унинг ҳарактеристикаси берилади, Мақолда эса тўла тугалланган фикр хулоса ифодаланади. Мақоллар нутқимизни безовчи, образли фикрлашнинг гўзал намунаси ҳисобланади.Мақоллар нисбатан секин пайдо бўлаб, лекин кўп даврлар истеъмолда сақланиб қолади. Матал халқ мақоли билан баъзи ўхшашликларга эга бўлса-да, лекин ўзига хос жиҳатлари билан ундан фарқланиб туради. Бу тафовутлар қуйидагилардир. Мақоллар нутқда яхлит ҳукм сифатида қўлланилса, маталлар ҳукмнинг қисми функциясини бажаради; мақолларнинг тематик доираси кенг бўлса, маталлар конкрет темага ва қатъий функционал қўлланилишга эга; мақоллар конкрет шаклий тузилишга эга бўлса, маталларда шаклий қатъийлик мавжуд эмас; мақоллар баъзан кўчма, баъзан ўз маъносида қўлланса, маталлар ҳамма вақт кўчма маъно ташийди.

Халқ оғзаки ижодида маталларнинг пайдо бўлиши нутқда турғун образли ибораларнинг юзага келиши билан боғлиқдир. Маталлар сўзнинг кўп маънолилигига таянганлиги учун нутқий фразеологик ибораларга қарама-қарши ҳолда ифодадаги ўхшатиш ва қиёслашларни кучайтиради. Шунинг учун ҳам уларда қиёсланувчи элементларнинг тафовути яхши сақланади. Маталлар ҳамма вақт таркиби қандай бўлишидан қатъи назар, грамматик жиҳатдан гапнинг бир бўлаги бўлиб келади. «Қил учида турибман», «Семизликни қўй кўтаради», «Туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзар», «Бекорга мушук офтобга чиқмайди» каби маталлар халқ орасида кенг тарқалган.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)