Достонлар
Соҳа: Ўзликни намоён этишнинг оғзаки шакл ва анъаналари
Тартиб рақами: 01.03
Достон — лиро-эпик жанр, оғзаки ва ёзма адабиётидаги катта ҳажмга эга бўлган эпик асар. «Достон» сўзи қисса, ҳикоя, саргузашт, таъриф ва мақтов маъноларида ишлатилади. Адабий термин сифатида бу атама халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётидаги йирик ҳажмли эпик асарларни англатади. Бироқ ёзма ва оғзаки адабиётдаги достонлар ҳаётни тасвирлаш воситалари ва усуллари жиҳатидан бир-бирларидан жиддий фарқ қилади.
Оғзаки ижод намунаси бўлган достонлар кўплаб вариантларга эгалиги (Мисол учун бугунга қадар «Алпомиш» достонининг 50 яқин, «Гўрўғли» туркум достонларининг юзга яқин вариантлари ёзиб олинган), жамоавийлиги, анъанавийлиги билан ёзма адабиёт намунаси бўлган достонлардан ажралиб туради. НММ энг юксак намунаси бўлган достонлар оғзаки ўзлаштирилади, оғзаки ижро этилади ва оғзаки тарзда мерос қолдирилади. Достон ижрочиси – бахшини республикамизда турли номлар билан аталашиди (қ.Бахшичилик).
Достонларнинг тарихий асослари жуда қадимий бўлиб, унда тарихий воқелик халқ фантазияси асосида умумлашган образларда ўз ифодасини топади. Бинобарин, уларда эпик умумлаштириш ҳукмронлик қилади. Бундай умумлаштириш халқнинг ижтимоий адолат ҳақидаги идеаллари ва орзу-умидлари билан йўғрилган. Демак, достонга эпиклик, монументаллик хос бўлиб, композицион ва сюжет қурилиши жиҳатидан мураккаб воқеа-ҳодисаларни қамраб олади. Бундай воқеа ва ҳодисалар мазмунан қаҳрамонлик характерига эга бўлиб, улар халқ идеалидаги баҳодир атрофига бирлаштирилади. Фавқулодда куч-қудратга эга бўлган бундай якка шахсларда бутун бир халқнинг орзу-умидлари, имконият ва интилишлари мужассамлашган. Халқ достонларининг тематик ҳамда жанр хусусиятлари унинг ўзига хос услуби ва формасини белгилайди, яъни куй ва ижро билан маҳкам боғлиқ бўлган йирик ҳажмли ва кенг кўламли достонларнинг поэтик баёнига кўтаринкилик, тантанаворлик, анъанавийлик, шеърий ва прозаик қисмларнинг давомий алмашиниб келиши хосдир.
Достонлар кенг қамровлиги ва ҳажмининг катталиги, кўтариб чиққан ижтимоий, сиёсий, ахлоқий муаммолари, сюжетининг сертармоклиги ва драматизмининг ўткирлиги, персонажларининг кўплиги билан ажралади. Бундай асарлар марказида жамият ва халқ тақдири туради, жамият, халқ ва қаҳрамон яхлит, бир бутунликда тасвирланади, улар ўртасида зиддият бўлмайди, балки шу халқ, шу қаҳрамон билан ташки душманлар ўртасидаги кураш, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги зиддият тасвирланади. Уларда ватанпарварлик, қаҳрамонлик, инсонпарварлик, меҳр-мухаббат, дўстлик ва садоқат, меҳнатсеварлик ғоялари илгари сурилади.
Достонларда идеаллаштириш, муболағали тасвир устун бўлади, уларда турли афсоналар, асотирлар, ҳикоятлар, дев, парилар, хизр, аждар, ажабтовур отлар («Алпомиш»даги Бойчибор), сеҳр-жоду кўп иштирок этади. Ўзбек халқ достонлари орасида «Гўрўғли» ҳамда «Рустамхон» достонлари туркумлиги мавжуд бўлиб, улар ҳам ўз навбатида кўплаб вариантларни ўз ичига қамраб олади.
Достонлар ўз мазмун моҳиятига кўра қаҳрамонлик («Алпомиш», «Гўрўғли»), жангнома («Юсуф билан Аҳмад»), романик («Малика Айёр», «Далли», «Кунтуғмуш») тарихий («Хуршидой», «Шайнбонийхон»), китобий («Фарҳод ва Ширин») каби турларга бўлиниб ўрганилиб келинган бўлсада, булар орасида қаҳрамонлик ва романик достонлар ўз бадиий хусусияти, эпик кўлами, мазмун-моҳияти, оғзаки ижодга қўйилган мезонлар нуқтаи назаридан алоҳида ажралиб туради.
«Қаҳрамонлик» термини ўзбек фольклоршунослигида икки маънода — кенг маънода, умуман ўзбек эпосига нисбатан, тор маънода, унинг бир турига нисбатан ишлатилади. Қаҳрамонлик достонлари бизгача соф ҳолида «Алпомиш» мисолида етиб келган. «Алпомиш» достонининг минг йиллиги 1999 йилда Республкамизда халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Романик достонларда кўтаринки, романтик севги мотивлари достон қаҳрамонларининг фантастик, ғайри табиий саргузаштлари гирдобида тасвирланади.Романик достонларнинг таркиби ниҳоятда мураккаб. Қаҳрамонлик достонларида романик элементлар бўлганидек, романик достонлардан қаҳрамонлик элементлари, жангномаларга хос хусусиятлар ҳам мустаҳкам ўрин олган.
Халқ достонларини куйлаш анъаналари ҳозирги даврга қадар яшаб келмоқда. Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларида яшаб ижод этаётган бахшилардан кўплаб достон намуналари бугунги кунда ҳам ёзиб олинмоқда.