Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Афсона ва ривоятлар

Соҳа: Ўзликни намоён этишнинг оғзаки шакл ва анъаналари
Тартиб рақами: 01.01

 

Афсона – сеҳр –жоду, хаёлотга йўғрилган, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган оғзаки ҳикоя, НММ намуналаридан бири. Афсона ўзбек халқ оғзаки ижодининг энг қадимги жанрларидан бири бўлиб, инсоннинг дунё ва ўзини қуршаб турган воқеликни англаш, тушунишга қаратилган тушунча ва тасаввурлари мужассамлашган воқеа ва ҳодисалар бадиий тўқима асосида ҳикоя қилади. Шунинг учун ҳам афсонада ижтимоий ҳаёт, кишиларнинг дунёқараши, урф-одатлари ва тарихий ҳодисалар ҳақида ихчам маълумот, ахбарот берилади.

Афсоналар ҳақидаги маълумотлар машҳур тилшунос олим Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида «саг» сўзи орқали ифодаланган бўлиб, ҳикоя, қисса дея таъриф берилган.

Афсона матнида анъанавийлик йўқ экан, воқелар тузилиши ҳам мураккаб эмас. Шунинг учун айтувчининг маҳорати билан боғлиқ ҳолда воқеалар доимий равишда ўзгариб туради. Афсона сюжетлари мифологик ҳодисалар, географик жойлар номи билан боғлиқ ғаройиб воқеалардан ташкил топган. Характерли томони шундаки, деярли барча афсоналарнинг сюжети бир ёки икки эпизоддан ташкил топади. Сюжет воқеалари эса кўпроқ тугундан бошланади. Бундай эпик тугунлар эса тингловчиларни кутилмаганда воқеалар ичига олиб киради.

Афсоналарда эртаклардагига ўхшаш анъанавий бошлама ва тугалламалар учрамайди. Бу нарса фақат афсона айтиш билан шуғулланувчи профессионал ижодкорнинг йўқлиги билан изоҳланади. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, афсона кенг оммавий ижро этилувчи жанр ҳисобланади — уни билган шахс ўзи истаган шаклда айтаверади.

Афсоналарнинг тематикаси ранг-барангдир. Осмон, ер, сув пирлари (муаккил)нинг ғаройиб ишлари, ёвузлик яратувчи руҳлар билан эзгулик яратувчи руҳлар ўртасидаги доимий тўқнашувлар, ер юзида одамнинг пайдо бўлиши, нарса ёки ҳодисаларга тааллуқли белгиларнинг пайдо бўлиш сабабли, табу (тақиқ) билан боғлиқ ажойиб ва ғаройиб воқеалар афсоналар тематикасини ташкил этади.

Афсоналар воқеа ва ҳодисаларни ҳайри табиий тасвирлаши билан эртакларга ўхшаб кетади, бироқ сюжетнинг барқарор шаклга эга эмаслиги ва қисқалиги билан улардан фарқланиб туради. Демак, афсоналарда барқарор сюжет ва композиция йўқ. Бундай хусусият уларнинг оммавий ижро шакли ҳамда ахборот бериш вазифасини ўташи билан боғлиқ.

Дарҳақиқат, кўпгина афсоналардаги эпизодларда оташпарастлик динига алоқадор талқинлар ҳам учрайди. «Қаюмарс», «Одами Од», «Эр Хубби», «Анбар она», «Ҳазрати Хизр» каби мифологик афсоналар ибтидоий дунёқараш, у ёки бу сирли кўринган нарсани муқаддаслаштириш, унга эътиқод қўйиш каби диний тасаввурлар замирида пайдо бўлган.

Афсоналар ғоявий-тематик йўналишларига кўра, шартли равишда соф мифологик афсоналар, тарихий воқеа ва ҳодисалар ҳақида тўқилган афсоналарга бўлинади. Ўз навбатида бу гуруҳдаги афсоналар ҳам кичик –кичик гуруҳларга бўлини мумкин. Ўзбек халқ афсоналари сирасида тарихий воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги афсоналар катта ўрин эгаллайди. «Девқалъа», «Ширин қиз», «Калта минор», «Илон бузган» кабилар шундай афсоналардандир. Улар инсониятнинг беқиёс кучи ва гўзаллигини мадҳ этади.

«Бароқтом», «Шоҳсанам ва Ғариб», «Ҳазорасп», «Искандар ва Афросиёб» каби афсоналар эса тарихий жой ва тарихий шахслар номи билан боғланган. Уларда воқелик фантастик йўналишда ҳикоя қилинади. Бу хилдаги афсоналар кўпроқ муайян ҳоди-са, қабила ёки элат, географик жой — қалъа, мақбара, қўрғон, сарой, минора, дарё, денгиз, шаҳарлар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг юзага келиши ва вайрон бўлиш сабаблари, у ёки бу номнинг пайдо бўлиши тарихидан хабар беради. Шу жиҳатдан. «Ҳазорасп» афсонаси характерлидир.

Ўзбек халқ афсоналаридан турли йиллар давомида кўплаб намуналар ёзиб олинган бўлиб улар фольклор архивида сақланади.

 

Stories mediumРивоят – оғзаки тарзда айтиб берилувчи ҳикоя. Юзага келиши ва тарихий асослари жуда қадимий фольклор, НММ намуналаридан бири. Ўтмишда бўлиб ўтган тарихий ҳодиса ёки кечмиш воқеани бадиий тўқима воситасида тасвирловчи, ҳажман қисқа, анъанавий шаклга эга бўлмаган асар.

Ривоятлар эртак ёхуд достон каби қатъий, анъанавий услубий шаклга эга бўлмайди. Шунинг учун ривоятларни махсус ижрочи эмас, истаган одам ҳикоя қилиб бериши мумкин. Одатда, ривоятлар оддий бир ҳикоячи баёнидан бошланиб, оғиздан-оғизга ўтиш жараёнида эркин тарзда талкин қилинади ва худди шу нарса уларнинг оғзаки ижодга хос бўлган асосий хусусиятлардан бири, вариантлилигини таъминлайди.
Афсона ва ривоятда тарихий воқелик фантастика либосида бўлади. Улар ўз шаклига кўра сеҳрли эртакларга яқин туради. Ривоят билан афсона ўхшаш бўлса ҳам ўзаро фарқларга эгадир. Ривоятларда афсонага нисбатан тарихийлик устун туради. Аксинча, афсоналар ривоятларга нисбатан фантастик буёқ ва диний элементларга бой бўлади. Тўмарис ва Широқ ҳақидаги ривоят бунга мисол бўла олади.

Ривоятлар ғоявий ва мавзу кўлами жиҳатдан ранг-барангдир. Ривоятлар одатда ихчам сюжетга эга бўлиб, икки, уч эпизоддан иборат воқеликдан ташкил топади ва қатъий композицияга эга эмас. Шунинг учун сюжет воқеалари, кўпинча, гўё тугалланмагандек, давоми бордек сезилади ва тингловчига катта асардан узиб олинган бир лавҳа сингари туюлади.

Ривоятларда тарихий воқеа ва шахслар билан боғлиқ бўлган воқеалар, кишилар ҳаёти, географик макон — тоғ, денгиз, кўл, саҳро, шаҳар, қишлоқ, қалъа, сарой ва ҳоказоларнинг пайдо бўлиши ёхуд таназулга юз тутиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бинобарин, ривоятлар у ёки бу воқеа ҳақида хабар бериши ва уни тасдиқлаш вазифасини ўтайди. Ривоятларда миллийлик ва умуминсонийлик улуғуланиб, инсонпарварлик, эзгулик, яхшилик тушунчалари ваҳшийлик, ёвузлик ва ёмон иллатларга қарама-қарши қўйилади.

Ривоятлар тематикасига кўра тарихий ва топонимик ривоятга бўлинади.

Тарихий ривоятлар бирор шахс фаолияти ёки халқ қаҳрамонлари билан боғлиқ бўлган воқеаларни акс эттириб, ахлоқ ва одобнинг идеал нормаларини ташвиқ этади. Тўмарис, Широқ, Алишер Навоий, Улуғбек, Ибн Сино, Беруний сингари тарихий шахслар ҳақида яратилган ривоятлар шулар жумласидандир.

Тарихий ривоятларни у ёки бу тарихий шахс ёки воқеалар гувоҳи бўлганларнинг, кўрган-билганларнинг эсдаликлари асосида юзага келган дейиш мумкин. Бу нарса ривоят жанрининг ўзига хос хусусиятини белгилайди. Баъзи тарихий ривоятларда эса фактик воқеалардан асар ҳам қолмай, фақат шахс номигина сақланиб қолиши ҳам мумкин. Баъзан эса тарихий шахс сайёр сюжетлар қолипида ҳикоя қилинади. Шунга қарамай тарихий шахсларнинг иштирок этиши, сюжетда бадиий тўқиманинг мав-жудлигига қараб бундай асарларни тарихий ривоят дейиш мумкин бўлади.

Топонимик ривоятларда шаҳар, қишлоқ, қўрғон, сарой, мақбаралар номи ҳамда уларнинг юзага келиш сабаблари биланн боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинади. Топонимик ривоятлар хотимасида одатда, ушбу ҳикоядан мақсад таъкидланади ва муайян факт изоҳланади (мас, «Тўрабек хо-ним мақбараси», «Анда жон қилди», «Одинажоним», «Қўнғирот» ва б.).
Ривоятлар оғзаки ижод намунаси бўлгани учун бизгача асосан оғзаки ҳамда қисман ёзма шаклда етиб келган. «Гередотнинг «Тарих», Восифийнинг «Бадоеъ ул вақоеъ», Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» ва бошқа асарларда ривоятларнинг қадимий намуналари келтирилган. Ўзбекистонда жуда кўп ривоятлар ёзиб олинган ва улар халқ тарихи ҳамда маданий-эстетик қарашларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбек халқ ривоятларининг ёзиб олинган кўплаб намуналари бугунги кунга қадар фольклор архивида сақаланди.

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)