Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Аския

Аския (арабча "азкиё"- ўткир зеҳнли, ҳозиржавоб) – ўзбек халқ оғзаки ижодининг хушчақчақ ва кулгили томоша санъатининг оммалашган жанри. У одатда халқ сайилида, тўйларда ва бошқа маросимларда ижро этилади. Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ва Тошкент вилоятларида ривожланиб, санъат даражасига кўтарилган. Фарғона водийси аҳолиси аския томошаларида фаол қатнашиб келишади. Ижрочи-аскиячилар (аскиябоз) билан тингловчиларининг умумий кулгиси аскияга ҳарорат, хушчақчақлик бағишлайди.

Ҳозиржавоблик, зийраклик ва донишмандликни, шу билан бирга, тил ва сўз бойлигини, бадиий-эстетик дидни талаб этадиган аскияда икки ёки ундан ортиқ киши ёхуд тўда орқали мунозаралашади, бу эса фикрлар мунозараси, ҳозиржавоблик ва сўзамолликдир. Айтилаётган аския бировнинг шахсиятига тегиб кетьмаслиги учун ҳар бир сўз ва иборани ишлатишда ижрочи ниҳоятда эҳтиёткор бўлиши зарур.

Ёзма тарихий манбаларда аския ХV-ХVII асрларда кенг тарқалган. Шоир ва олим Зайниддин Восифий (ХVI аср) Ҳиротда аския кенг авж олганини ёзади ва ўнлаб моҳир аскиячилар орасида энг истеъдодли Мавлоно Абдулвосеъ Мунший исмини келтиради. Аския ҳақида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хондамирлар ҳам маълумот беришган.

Аскияда пайров сюжети алоҳида бадиий асар ҳисобланади, у аскиянинг мукаммаллашган ва мураккаб усули сифатида изчил фикрлар оқими бўлиб, маълум бир мавзунинг маъносини бошидан охиригача ечиб беради. Аскиячилар мавзу доирасида четга чиқмайдилар. Унда анъанавий пайровлар бўлмиш "Ўхшатдим", "Бўласизми", "Гулмисиз, райҳонмисиз", "Бедана", "Хавсана", "Қофия", "Билганлар, билмаганлар", "Лақаб"лардан ташқари, замонавий мавзулар "Пахта", "Оила", "Кино", "Дорбозлик", "Ашула", "Футбол" ва ҳ, ўрин олган. Пайровда бир мавзу атрофлича ва чуқур очилиши лозим. Мавзудан чекиниш аскиячининг мағлубиятидан далолат беради. Аскияда мавзунинг тўғри танланиши, тушунча, фикр тизимини изчил равишда мантиқий якунга етказа олиш, бадиҳагўйлик маҳорати, тингловчилар эътирофи муҳим аҳамият касб этади. Аския ҳаракат воситалари ўринли; унда сўз қўллаш маҳорати ҳамда мулоқот жараёнидаги тезкорлик, имо-ишоралар уйғунлиги маҳсулидир.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан аскияни саҳнавий санъат даражасига етказишда машҳур сўз усталари орасида Деҳқон юзбоши Шерназаров, Яшарқул Останақулов, Юсуф қизиқ Шакаржонов, Ижрокомбува, Ғойиб ота Тошматов, Турсунбува Аминов, Абдулҳай Маъсум Қозоқов ва б. ҳисса кўшганлар. Ўтмишда Фарғона водийсига хос бўлган катта ашула ва мақомчилик санъати намояндалари, етук актёр ва бастакорлар таниқли аскиячилар сифатида ҳам танилганлар – улар Эрка қори Каримов, Мамадбува Сатторов, Жўрахон Султонов, Расулқори Мамадалиев, Ғанижон Тошматов, Шоқосим, Шоолим ва Шоакбар Шожалиловлар, Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсуповлар, Соиб Хўжаев, Абулқосим Тўйчиев шулар жумласидан.

Аскияни муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилиш ва келгуси авлодга етказишда аскиячилар жамоалари ва гуруҳлари, жумладан, Қўқон аскиячилар клуби Жўрахон Пўлатов ва Акромжон Акбаров бошчилигида, Марғилонда Мамасидик Шираев, Андижон вилояти Ҳонобод шаҳрида Муҳиддин Султонов, Асакада Жумавой Хуррамов, Қорасувда Қаҳрамон Абдувоҳидов раҳбарлигида фаолият юритмоқдалар. Аския эркакларга хос жанрдир, аммо ҳозирги кунда аёллар ўртасида ҳам кузатиш мумкин. Аския ўзбек халқи тафаккури, дунёқараши, ижтимоий муносабатларни ўзида ифодалаган маънавий хазинадир. Зеро, аския ўзбек юмори ижтимоий анъаналар билан боғлиқ равишда ҳаёт тарзи кузатувлари асосида муҳим масалаларга эътибор қаратилган жанр сифатида маданий сўз ва тилга оид маълумот беришда аҳамияти катта.

Аскияни сақлаш ва тарғиб этишда илмий тадқиқотлар, танловлар, фестиваллар, "Аския кечалари" (Тошкент, Хонобод, Марғилон), телекўрсатувлар, фильмлар, нашрлар қилинмоқда. Ўзбекистон санъат ва маданият институти ўқув жараёнига аския анъаналари киритилмоқда. Аския санъати ЮНЕСКОнинг "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" Репрезентатив рўйхатига киритилди (2014).

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)