Бойсун туманининг маданий муҳити
Соҳа: Табиат ва коинот билан боғлиқ урф-одатлар
Тартиб рақами: 04.02.01
Бойсун маданий муҳити илк бор жаҳон ҳамжамиятлари маданий объектларининг 19 номинантлари орасида ЮНЕСКО томонидан "Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси" сифатида эътироф этилган (2001), 2008 йили эса ЮНЕСКОнинг "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ўз навбатида Бойсун халқ маданияти ва унинг бадиий анъаналарини сақлаш ва ёзиб олишда ҳамда кенг куламда илмий тадқиқ этиш жараёнига сабаб бўлди.
Бойсун Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихий-маданий меросининг ноёб объекти бўлиб, ХХ асрнинг иккинчи ярмида маълум даражада асосий археологик ёдгорлари ерига айирмоқда. Булар орасида энг ноёби - Мачай қишлоғидаги Тешиктош ғоридаги қадимий одам-неандерталлар турар жойи, Дарбандаги чегарадош Кушан девори ва Темир дарвоза, грек-македонликлар Қўрғонзол қальаси, кушон даври Поёнқўрғон қальаси, Зараутсойдаги Қўҳитоғдаги 200-га яқин буқаларга "магик ови" тош суратлари, Гумматак ва Қурғонча қишлоқлари атрофидаги динозаврлар излари, Пулхоким қишлоғидаги қадимги "ерли кўприк", Дехиболо (Дийболо) қишлоғи яқинидаги 200 йиллик муъжизавий "Шоти" йўл-нарвони, Қурғончадаги "Сурҳи" номли "Султон" чашмаси билан ажиб қўркамлик дара ҳамда ноёб ва шифобахш булоқли "Омонхона" ва шу ерда жойлашган Хазрати Ҳўжа Султон Вали мозори шулар жумладан.
Бойсуннинг моддий ва номоддий маданиятида Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва, маълум даражада, Ҳиндистон халқлари маданияти ва санъатларининг тарихий ривожланиш жараёнидаги турли унсурларини кўриш мумкин. Бойсуннинг анъанавий маданияти ўз ичига ўтроқ ва кўчманчи туркий ва шарқий эрон халқларининг фольклор, маросим ва ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб келмоқда. Улар қадимдан турли диний эътиқодлар ва ислом билан боғлиқ бўлган. Бойсуннинг географик муҳити кўпгина халқ маданияти анъаналарини табиий ҳолда сақланиб қолишига имкон берди – булар анъанавий турмуш тарзи, ўзига хос халқ ижодиёти, унинг фольклор мусиқаси ва оғзаки поэтик ижоди ҳамда халқ эпос – достонлари, ҳунармандчилик ва миллий либослар, қадимий маросим ва урф-одатлар, халқ ўйинларида намоён бўлган. Бу эса бевосита Бойсуннинг этник гуруҳлари бўлмиш - турклар, қўнғиротлар, қатағонлар, чағатойилар, карлуклар, дурманлар, жуз, хардурлар, барлослар каби тожик ва ўзбеклар уруғларининг хўжалик-маданий муҳити билан чамбарчас боғлиқдир.
Қишлоқларни номлари билан боғлиқ афсона ва эртаклар мавжудлиги, оилавий маросимлар анъаналарини сақланиши, жумладан, Никоҳ ва Ўғил тўйларида ўзига хос томошалар, халқ ўйинлари - кўпкара, кураш, шавлоқ, пиёда улоқ, кавзо маросим ўйин ва рақсларидир. "Ёмғир чақириш" (Суст хотин ёки Сўзил хотин) ва "Жаҳар"-даволаш маросимлари исломдан олдинги эътиқодлари билан боғлиқ. Бойсуннинг анъанавий маданиятида бадиий ҳунармандчилик ва турли халқ ҳунарлар аҳамият касб этади. Уларнинг бой ижодий маҳсулотлари хилма-хиллиги билан ажралиб туради – булар воҳага хос бўлган серқирра каштачилик (дўппидан то йирик оҳули қизлар, якка ёки жуфт ҳолдаги қушлар, турли безак лавҳали сўзаналаргача), гиламдўзлик (ғажарий, такир, оқэнли, терма, кохма, жулхирс и др.), кигизлик, тўқимачилик (анъанавий матолар – алача ва жанда), ёғоч ўймакорлиги, мусиқий чолғуларни ясаш (дўмбира, дутар, чилтор, темир ва ёғочли чанқовуз, ёғочли, камишли, суякли ва саполли найлар), кулолчилик (тинланган), терни қайта ишлаш ҳунарлар.
Бойсуннинг мусиқа ижоди ва ижро санъати иккита йирик жанрлар гуруҳи бўлмиш, амалий (алла, меҳнат, маросим қўшиқлари ва чолғу куйлари) ва ноамалий (лирик ва маиший қўшиқ ва куйлари, махсус терма, қўшиқ, лапар ва ашула) жанрлари ташкил этади. Ҳудудда яшовчи ўзбек ва тожик халқлари мероси бўлиб, уларнинг ўзаро лаҳжавий таъсирлари билан боғлиқ. Булар – Алла, мавсумий маросим – Муборакбод, Йил боши, Сумалак, Бойчечак, Суст хотин, Чой момо, Рамазон; тўй маросим – Ёр-ёр, Келин салом, Мочаи, Арус барон, Саломнома, Байтхонлик (айтишув); аза-мотам маросими – Йиғи, Гуянда, Садр, диний-ибодат – Жаҳар (қадимий даволаш шомонлик маросим айтими); меҳнат – Майда, Обло барака, Шоҳмойилар, Қўш ҳайдаш, Хўш-хўш, Турам, Урмак, Ёрғучоқ. Халқ эпик ижоди –достонлар дўмбира жўрлигида речитатив-томоқ услуби (бўғиқ овоз)да айтилиши шеробод-бойсун бахши-шоирлик мактабига хос ва унинг йирик намояндалари орасида Шерна бахши ва унинг шогирдалари бўлмиш Шоберди Болтаев (Мунчоқ қишлоғи) ва Абдуназар Поёнов (Хонком қишлоғи)лар –достонлар ва термалар ижрочилари, ҳозирги вақтида "Ўзбекистон халқ бахшиси" унвонига сазовор бўлишган (улар бахшичилик санъатини хориж давлатларида намойиш этмоқдалар). Бойсун достон анъаналарини намояндалари бахши-шоир (достон ижрочилари) ва бахши-термачи (терма – қўшиқ ижрочилари)ларга бўлинади.
Аксарият мусиқа ижоди намуналари халқ маросим (удум, урф-одат, расм-русум)лари билан боғлиқ бўлиб, ўзига хос оҳангларда куйланади. Ушбу маросимлар ҳозирги кунгача Бойсун ҳудудида сақланиб келмоқда – бу мавсумий (Суст хотин-ёмғир чақириш, Мирҳайдар-шамол чақириш, Қор келди-қор чақириш; Бойчечак-биринчи гул, Қўш ҳайдаш-жўяк тортмоқ (ерни ҳайдаш), Чой момо-шамол тўхтатиш); оилавий-маиший (Бешик, Ўғил ёки Суннат, Мучал ва Никоҳ тўйлари, Садр-аза-мотам); диний-ибодат (Жаҳар ёки Кўч-даволаш, алас, кушнос, чақмоқ, мушкулқушод); ҳамда Наврўз (баҳор келиши), Меҳрган (хосил байрами), Дарвишона (баҳорий, экиш) – улар ҳозиргача Бойсун аҳолисининг маънавий ҳаётида аҳамият касб этмоқда. Бойсун фольклор санъати халқ ижрочилари, "Бойсун" фольклор халқ ансамбли ва "Куралай" болалар фольклор ансамбллари; халқ ҳунарлари ҳунармандлар томонидан сақланиб, тарғиб этилмоқда.
Бойсун маданий муҳитини муҳофаза қилиш, сақлаш ва тарғиб этишда, айниқса, Бойсун феномени ўрганиш мақсадида, ЮНЕСКО ҳамкорлигида илмий экспедициялар (2002-2005) уюштирилиб, ҳудуднинг тарихий-этнографик хусусиятлари, ҳаётий маросим анъаналари, оғзаки халқ ижодиёти, мусиқа санъати, бадиий ҳунармандчилик, халқ ўйинлари ва бахшичилик санъатларига эътибор қаратилди. Экспедиция материалари асосида иккита йирик монография-"Бойсун" (Бадиий ҳунармандчилик атласи ва Анъанавий мусиқа маданияти, 2006, инглиз ва рус тилларида), "Бойсун тарихи ва анъанавий маданияти" тўплами (2005), илмий анжуманлар тўпламлари ва фестиваль альбоми; "Бойсун" мультимедиа ва видеофильм; "Бойсун" фольклор ансамбли қошида болалар "Фольклор Академияси" ташкил этилди. Энг ютуғи - "Бойсун баҳори" Очиқ фольклор фестивали ва унинг доираси Халқаро илмий анжуманлар ўтказилиши (2002-2006). ЮНЕСКО ҳамкорлигида "Халқ ижодиёти маркази" қурилди; унинг қошида "Бойсун амалий санъати" музейи ва ҳунармандлар устахонаси ҳамда анъанавий "устоз-шогирд" мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Бойсун кулолчилигини тиклаш мақсадида кулол Иззатулла Эшонқуловнинг устахонаси қайта таъминланди. Фестиваль доираси халқ амалий санъати ярмаркаси, анъанавий ва замонавий мода кўргазмаси, Ўзбек миллий академик театри ва Сурхондарё вилояти драма театрлари томонидан фольклор спектакллари намойиш этилди. Ҳозирги кунда Кумқўрғон-Бойсун-Гузар темир йўли қурилиши Бойсунга сайёҳларни ташриф этишига имкон яратди.