Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Ушшоқ

Соҳа: Ижрочилик санъати
Тартиб рақами: 02.01.06

 

Ушшоқ (арабча – ошиқлар) – ўрта аср даврида тарқалган Ўн икки мақом (Дувоздаҳ мақом) тизимида муайян мақом, Шашмақом туркумида машҳур шўъбанинг номи. Дастлаб, бу мақом лирик кайфиятларни ифодалаган.

Лирик (ишқий) шеърлар билан ижро этиладиган асар ҳамда ошиқлар тилидан айтилгани учун унга "Ушшоқ" номи берилган (И.Ражабов). Ўрта аср олимлари Ушшоқни энг қадимги, яъни биринчи мақом деб атаганлар (Умм ул-адвор – мақом доираси онаси). Ушшоқ Ўн икки мақом туркумида лад (тузук) сифатида ҳам маълум бўлган (замонавий миксолидий ладига мос). Ушбу ладга мос келадиган чолғу ва ашула йўллари ҳам Ушшоқ мақоми деб аталади; у Ушшоқ мақоми ва Мойа овозаси пардалари асосида яратилган.

Ўзбек ва тожик халқлари мусиқа меросида Ушшоқ мустақил мақом сифатида етиб келган. Аммо унинг чолғу ва ашула йўллари кенг тарқалган. Ушшоқнинг дастлабки жонли намуналари қандай бўлганини ҳозирги кунда тасаввур этиш кийин. Лекин унинг куй тузилишини бизгача етиб келган Шашмақомдаги Рост мақомининг Ушшоқ номи билан аталган шўъбаларининг куй ва лад тузилиши Ўн икки мақом тизимидаги Ушшоқнинг лад асоси айнан бир хил эканини кўриш мумкин. Рост мақомидаги Муҳаммаси Ушшоқ (чолғу йўли), Талқини Ушшоқ, Насри Ушшоқ ва Уфари Ушшоқ (1 гуруҳ ашула йўллари), Савти Ушшоқ (2 гуруҳ ашула туркуми) машҳур бўлган шўъбалардир.

Муҳаммаси Ушшоқни куй тузилиши, шакли, доира усули жуда мураккаб бўлсада, унинг оҳанглари ва вариантлари бошқа мақомларнинг Муҳаммасларида учратиш мумкин. Ушшоқ ашула йўллари ҳам мураккаб, куйлари ривожланган, ёркин ва жозибадорли, авжларида кенг тарқалган намудлар (Намуди Уззол ва Намуди Муҳайяри Чоргоҳ)дан фойдаланилган, эмоционал жиҳатдан таъсирчанли. Бузрук ва Рост мақомлари ашула йўллари шўъбаларининг авжларида Ушшоқ номи билан аталган намуд кўпроқ учрайди (Насри Уззол шўъбаси, Кўча боғи ва Қўшчинор ашула йўлларининг авжида Намуди Ушшоқдан фойдаланилган). Хоразм мақомлари туркумида Ушшоқ шўъбалари ва Намуди Ушшоқ ҳам учрайди. Фарғона-Тошкент мақом йўлларида ҳам Ушшоқ кенг фойдаланган, мақом (ашула ва чолғу йўллари), катта ашула ва ашула жанрларида.

Ушшоқ ашула йўллари халқ орасида кенг тарқалган. Ўзбек бастакорлари ва етук хонандалари ижодлари томонидан Ушшоқнинг турли вариантлари яратилган: Самарқанд Ушшоқи ёки Ҳожи Абдулазиз Ушшоқи (Зебуннисо ғазали "Биёки зулфи кажу чашми сурмасо инжост"), Тошкент Ушшоқи ёки Мулла Тўйчи Ушшоқи (Навоий ғазали "Қаро кўзум, келу-мардумлиғ эмди фан қилғил"), Хўжанд Ушшоқи ёки Ушшоқи Содирхон (Жомий ғазали "Ба як карашма Зулайҳо ваши дили моро"), шунингдек Қўқон Ушшоқи, Расулқори Ушшоқи, Орифхон Ушшоқи, Фаттоҳхон Ушшоқи, Қадимий Ушшоқ, Даромади Ушшоқ, Савти Ушшоқ, Зикру Ушшоқ, Умрзоқ Полвон Ушшоқи, Ушшоқ ва б. Ушшоқнинг Фарғона водийсида катта ашула (Ёввоий Ушшоқ) ва сурнай чолғу йўллари (Сурнай Ушшоқи) ҳам мавжуд. Ушшоқ йўллари жозибали ва таъсирчан, турли ижро услубида талқин этилган.

ХХ асрда таниқли бастакор ва хонанда Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан Ушшоқ мақом ашула туркуми ижод этилган; Расулқори Мамадалиев эса Ушшоқ асосида чолғу ва ашула йўллари, марсиялар яратган. Замонавий Ўзбекистон композиторлик ижодиётида ҳам мусиқали драма, опера, чолғу ва хор асарларида, романсларда Ушшоқдан кенг фойдаланилган (Р.Глиэр ва Т.Содиқовларнинг "Лайли ва Мажнун" ва "Гулсара", М.Ашрафийнинг "Шоир қалби" опералари, Ғ.Зафарийнинг "Ҳалима", Ю.Ражабий ва Г.Мушелларнинг "Муканна", Т.Жалиловнинг "Алпомиш" каби мусиқали драмалари, Д.Соатқулов "Навбаҳор" ва Д.Зокиров "Эй сабо", "Кўрмадим" романслари "Насри Ушшоқ" ва "Савти Ушшоқ" шўъбалари асосида ижод этилган ва б. шулар жумласидан).

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)