Шашмақом
Шашмақом (форсча - олти мақом) – ўзбек ва тожик халқлари мусиқа меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркуми; мақом - оҳанг, парда, ханг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз чолғу куйи ва ашулалар мажмуи. Шашмақом ХVIII асрларда 12 мақом тизими (Дувоздах мақом) ва Бухоро мусиқий анъаналари негизида Марказий Осиёнинг йирик маданий маркази бўлмиш Бухорода шаклланган.
Шашмақом - олти мақом туркуми бўлиб, Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ ва Ироқ мақомларидан ташкил топган, жами 250 дан ортиқ турли шаклдаги чолғу ва ашула йўлларидан иборат. Шашмақомнинг ташкил этган мақомларнинг ҳар бири икки - чолғу (Мушкилот) ва ашула (Наср) йирик бўлимларидан иборат бўлиб, чолғу ва ашула йўллари туркумларини ташкил этади. Шашмақом етук созанда ва хонандалар томонидан ўзбек ва тожик тилларида ижро этилган (ашула йўлларида мумтоз шарқ шоирлари – Рудакий, Жомий, Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулий, Ҳофиз, Амирий, Нодира, Зебуннисо, Огаҳий ва бошқаларнинг ишқий-лирик, фалсафий, насиҳатомуз, диний мазмундаги шеърлари, шунингдек, халқ шеърияти қўлланилган). Етакчи чолғу - танбур бўлиб, мақомлар ушбу чолғу орқали созланган.
Ҳар бир мақомнинг чолғу бўлими "Тасниф", Таржеъ", "Гардун", "Мухаммас" ва "Сақил" қисмларидан иборат бўлиб, анъанага кўра бирин-кетин яхлит тарзда яккасоз ёки чолғу ансамбли орқали ижро этилган. Уларнинг ҳар бири ўз оҳанги, характери, шакли, доира усуллари билан ажралиб турган. Ашула бўлимлари анча мураккаб шаклдаги ашула йўлларидан ташкил топган ва улар икки туркум яъни иккита шуъба гуруҳидан иборат: биринчисига – "Сарахбор", "Талқин", "Наср" ва "Уфар" қисмлари ва уларни боғловчи "Тароналар" (турли шакли, куйи ва характеридаги ашула йўллари) етакчи ҳофиз ва хонандалар ансамбли томонидан ижро этилган. Иккинчисига эса "Мўғулча" ва "Савт" каби беш қисмли туркумлар кирган ("Ирок" мақомидан ташқари). Асосий чолғу ва ашула йўлларидан ташқари бўлимлар таркибига қўшимча чолғу (нағма, пешрав, самоий, ҳафиф) ва ашула (уззол, ушшоқ, баёт, чоргоҳ, насруллоий, ораз, хусайний, наврўзи сабо, хоро ва ажам) йўллари кирган. Шашмақом, асосан, оғзаки анъанада ижод этилган, сақланган, сайқал топган, авлоддан-авлодга "устоз-шогирд" услубида ўзлаштирилган. Шашмақом бастакор (оғзаки анъанадаги ижодкор)лар махсули бўлиб, ўтмишда сарой ва шаҳар маданияти жараёнида талқин этилган.
1920 йили Бухорода "Шарқ мусиқа мактаби" ва 1928 йили Самарқанда "Инмузхоруз" института Шашмақом анъаналари ўзлаштирилган. Илк бор Шашмақом 1923 йили рус композитори Виктор Успенский томонидан бухоролик мақомдон-устозлар бўлмиш Ота Жалол Носиров, Ота Гиёс Абдуғанилардан ёзиб олинган ва 1924 йили "Олти мусиқали поэма. Шашмақом" номи билан нашр этилган. Кейинчалик Шашмақом Б.Файзуллаев, Ф.Шахобов ва Ш.Соҳибов (Шашмақом, 5 томлик. Москва, 1950-1961), Юнус Ражабий (Бухоро мақомлари, Тошкент, 1959; Шашмақом, 6 томлик. Тошкент, 1966-1975; Ўзбек мақомлари. Шашмақом. Тошкент: ЮНЕСКО, 2007), А.Бобохонов (Шашмақом. Берлин, 2010) ёзувларида нашр этилди.
ХХ асрдан бошлаб Шашмақом ёзиб олинди, илмий ўрганилди, янги мусиқа таълими орқали ва композиторлик ижодида ўзлаштирилмоқда. 1959 йили Юнус Ражабий ташаббуси билан Ўзбекистон радиоси қошида биринчи профессионал мақом ансамбли ташкил этилиб, ҳозирги кунгача фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда профессионал ва ҳаваскор мақом ансамбллари мақомчилик санъати тарғиботига катта ҳисса қўшмоқда. 1975 йилдан ҳаваскор мақом жамоалари ва 1983 йилдан бошлаб мақом ижрочилари ва мақом ансамбллари танловлари бўлиб ўтмоқда. Шашмақом намояндалари ва тарғиботчилари – Ота Жалол Носиров, Ота Гиёс Абдугани, Леви Бобохонов, Домла Халим Ибодов, Юнус Ражабий, Берта Довидова, Тургун Алиматов, Муножот Йўлчиева, Фахриддин Содиқов, Ўлмас Расулов ва б., ҳамда Ю.Ражабий номидаги мақом ансамбли, Бухоро филармонияси мақом ансамбли. Шашмақомни муҳофаза қилишда илмий-ижодий ва амалий ишлар қилинмоқда: илмий тадқиқотлар, нашрлар, илмий экспедициялар, фильмлар, аудио ва видео ёзувлар, радио ва ТВ кўрсатувлари, мақом кечалари, "Назм ва Наво" концертлари, илмий анжуманлар (Тошкент, 1975, 2014; Самарқанд, 1978-1987, 2001-2007; Бухоро, 2013; Берлин, 2011-2013), етук ижрочиларнинг "устоз-синф" (мастер-класс) ва б. Мустақиллик йиллари мунтазам равишда Халқаро ва республика миқёсида ёш мақом ижрочилари танловлари ўтказилмоқда. Шашмақом ижро анъаналари консерватория, санъат ва маданият институти, педагогик университетлари; санъат коллежлари ва академик лицейлари ҳамда мусиқа мактаблари ўқув жараёнига киритилган ва талаба-ўқувчилар томонидан ўзлаштирилмоқда. 2003 йили "Шашмақом мусиқаси" ЮНЕСКО томонидан "Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдонаси" деб тан олинди ва 2008 йилдан бошлаб ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилди (Ўзбекистон-Тожикистон).