Yunus Rajabiy Berta Davydova Viktor Uspensky Mukarram Turghunboeva
01 / 04

Yunus Rajabiy

02 / 04

Berta Davydova

03 / 04

Viktor Uspensky

04 / 04

Mukarram Turghunboeva

Наврўз

Наврўз - янги кун, улуснинг улуғ куни, байрам, шамсия (қуёш) йил ҳисобида йилнинг биринчи куни. Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг энг қадимий анъанавий байрами. Баҳорги тенг кунликка (21 ёки 22 март), яъни Қуёшнинг Ҳамал буржига киришига тўғри келади.

Наврўз деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам ҳисобланади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган. Дастлаб, Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган.

Тарихий манбаларга кўра, Наврўзни байрам қилиш туркий халқларда энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Наврўзга бағишланган кўплаб халқ қўшиқлари келтирилган. Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома»сида, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа алломаларнинг асарларида учрайди. Ўрта Осиё ҳудудида Наврўз байрами янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан кутиб олинган. Бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдойни ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан сумалак тайёрланган, кўкат чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор ҳақида қўшиқлар, бахшиларнинг терма, достонлари куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқ айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Болалар егуликларнинг бир қисмини қишлокдаги бева-бечораларга улашишган. Бу удум ҳозир ҳам Самарканд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган. Наврўз янги йил байрамигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам ҳисобланган.

Шўро тузуми даврида асоссиз равишда Наврўз диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Ўзбекистан мустақилликка эришгач, бошқа кадриятлар каторида Наврўз байрами яна тикланди, янгича мазмун ва моҳят кашф этди. Ўзбекистонда ҳам Наврўз халқимизнинг энг севимли байрамларидан бири сифатида нишонланади, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, консертлар берилади. Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳаллаларнинг фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари — меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади. Наврўз қўшиқлари, таомлари, сумалак сайли, лола, гул сайллари, томошо санъати, шох-мойлар, кўпкари, халқ ўйинлари, кураш, беллашувлар, бойчечак маросими каби урф ва анъаналари ушбу байрамнинг узвий таркибий қисм ҳисобланади.

Наврўз номодддий-маданий мерос намануларидан бири сифатида халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатидан жой олган. Халқимиз тарихи ва мадниятининг бир бўлаги бўлган наврўз ҳам қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб, англаниб бораётган улуғ ва навқирон бир байрамдир.

 

Spell check
Ушбу вебсайтда орфографик хатоларни текшириш тизими мавжуд (Ctrl+Enter)